Аввалроқ, Президент раислигидаги аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Тадбирда Шавкат Мирзиёев фуқароларни иш билан таъминлашда ташаббускор ҳудудлар ҳақида гапирди.
"Ўтган 6 ойда Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган 100 мингта мурожаатни тўлиқ ҳокимлик кучи билан ҳал қилиш имкони мавжуд.
Мисол учун, Пастдарғомда ташкил этилган Маҳаллабай ишлаш маркази 117 та маҳаллада хатлов ўтказиб, 4 минг нафар ишсиз бўлган фуқароларни аниқлаган ва уларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тайёрлаш, кредит ва субсидия олишга кўмаклашиш орқали 3,3 минг нафарини банд қилган. Натижада, бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш даражаси Пастдарғомда 85 фоизни ташкил этмоқда.
Ёки, бу борада Андижонда ҳам ўзига хос янги тажриба яратилди. Жумладан, Андижон вилоятида икки ой ичида 169 та маҳаллада 30 мингта хонадон аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Бундай ташаббусларни ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими кўтариб чиқиши, бу орқали халқни рози қилиши керак",–деди Президент Шавкат Мирзиёев.






