АсосийJamiyat

“Ўзэкспомарказ”да халқаро кўргазмалар иш бошлади

“Ўзэкспомарказ”да озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган “WorldFood Uzbekistan – 2016” ва “AgroWorld Uzbekistan – 2016” халқаро кўргазмалари очилди. 

Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Кўргазмаларда Хитой, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Португалия, Нидерландия, Австрия, Бельгия, Болгария, Дания, Польша, Швеция, Словакия, Литва, Индонезия, Малайзия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби 28 мамлакатдан бир юз олтмишдан зиёд компания иштирок этмоқда. 

“WorldFood Uzbekistan” ва “AgroWorld Uzbekistan” кўргазмалари озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, совутиш ҳамда ресторан ускуналари, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, паррандачилик, чорвачилик, ветеринария, донни қайта ишлаш ва сақлаш, омихта ем ишлаб чиқариш учун ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникасига оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди. 

Ушбу кўргазмалар мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. 

    Бошқа янгиликлар