Режиссёр Зулфиқор Мусоқов тез кунда катта экранга чиқадиган янги “Хазонрезги”фильми, ундаги актёрларнинг иштироки, ўзи учун севимли бўлган ва фильмларида ҳеч қачон ҳамкорлик қилмайдиган актёрлари ҳақида Redpen нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Янги 26-фильмингиз нима ҳақида?” деган саволга режиссёр:
“Фильм ҳеч нарса ҳақида эмас. Бу журналистлар менга берадиган энг қийин савол. Бу саволга нима деб жавоб беришни билмайман. Янги фильмим-севги ҳақида. Менинг ҳамма фильмларим севги ҳақида. Умуман олганда, мен бу фильм билан нима демоқчи бўлганимни томошабинлар бир ярим соат вақт сарфлаб, кинони томоша қилиб билиб олиши мумкин. Умид қиламанки, мен ваниҳоят замонамиз одамлари, ёшларимиз ҳақида фильм суратга олишга муваффақ бўлдим”,—деб жавоб берди.
Зулфиқор Мусоқов аксарият фильмларда бир хил актёрлар ансамбли суратга тушаётгани борасида фикр юритар экан:
“Ҳа, кейинги пайтларда бундай ҳол тез-тез учраб турибди. Бобур Йўлдошев Ц менга омад келтиради. Бундан ташқари, у ажойиб актёр. Табиийки, менинг янги фильмимда ҳам унга кичик, комедик роль бердик.
Менинг севимли актёрларим – ўзбек киносининг афсонаси Хусан Шарипов, Мунаввар Абдуллаева, Фотима Режаметова, Шаҳзода Матчонова. Бироқ, айрим актёрлар борки, мен уларни ҳеч қачон фильмларимда суратга олмайман. Уларнинг исмини айтиб ўтирмайман”, – дейди режиссёр.
Шунингдек, Зулфиқор Мусоқов “Ватан” ва “Қўрғошин” фильмларини суратга олиш қийин кечганини, мазкур фильмлар сценарийлари 3-4 йиллаб китоб жавонида ётганини айтиб ўтди.





