Жорий йилнинг 12-14 март кунлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида “Барон” бадиий фильми ижодкорлари билан тарғибот учрашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги хабар бермоқда.
Учрашувларда фильм режиссёри Рустам Саъдиев, актёрлар Улуғбек Қодиров, Ҳабибулло Низомов, Дилором Эгамбердиева, Хуршида Арабшоевадан ташкил топган ижодий гуруҳ иштирок этди.
Учрашувлар мобайнида фильмнинг мавзуси ҳозирги кунда бутун дунёда энг долзарб муаммолардан бири эканлиги таъкидланиб, унда наркобизнесга қарши давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар реал воқеаларга асосланиб кўрсатилганлиги томошабинларда катта таассурот қолдирганлиги айтилди.
Кенг жамоатчилик, маҳалла раислари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг профессор ўқитувчилари, талабалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими етакчилари, масжидларнинг имом хатиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мазкур тарғибот учрашувлари бошқа ҳудудларда ҳам давом этиши режалаштирилган.






