Тошкент шаҳридаги Ц5 даҳасидаги Германия элчихонаси яқинида “қиммат” йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Facebook ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳида фотохабар қолдирилди.

Суратларда Toyota Prado автомобилининг BMW`нинг устига чиқиб кетганини кўриш мумкин. Аксарият интернет фойдаланувчилари мазкур ЙТҲнинг қандай содир бўлганини муҳокама қилиб, ўзларининг турли версияларини келтириб ўтишди.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, Toyota Prado`ни бошқариб кетаётган қиз йўлнинг қайрилиш мумкин бўлмаган қисмидан бурилиб, автотураргоҳга кирмоқчи бўлган. Шу пайтда асосий йўдан келаётган BMW билан тўқнашиб, газ педалини кучли босиб юборгани оқибатида автомобилнинг устига чиқиб кетган.

Изоҳларда айтилишича, иккала автомобилнинг ҳайдовчиси ҳам соғ-омон. BMW ҳайдовчисининг рафиқаси турмуш ўртоғининг аҳволи яхши эканлиги,ф ақат бироз оёғи оғриётганини келтириб ўтган.






