Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги бир нечта қишлоқ врачлик пунктлари ёпилди, деб хабар беради “Самаркандский Вестник”.
ҚВПларнинг ёпилишига улар жойлашган биноларнинг қурилиш талабларига жавоб бермаслиги сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, Пастдарғом туманидаги “Мингбоев”, “Янги Равот”, “Машъал”, “Зарбдор”, “Гумбаз” каби қишлоқ врачлик пунктлари бинолари қурилиш талабларига жавоб бермагани учун ёпилган.
Ҳозирги кунда вилоятдаги барча ҚВПлар “Саломатлик-2” дастури бўйича янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Аммо, уларнинг кўпчилигида электр қуввати билан таминлаш бўйича муаммолар мавжуд. Шу сабабли, ўз вақтида таҳлил ўтказиш, асбоб-ускуналарни стериллаш ва эмлаш вакциналарини сақлаш имкони йўқ.
“Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида иситиш тизими ва сув билан таъминлаш борасида ҳам муаммолар мавжуд. Бу эса беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатига таъсир ўтказмай қолмайди”, —дейилади хабарда.





