Мексика шимолида жойлашган Монтеррей шаҳрида жойлашган “Топо-Чико” қамоқхонасидаги маҳбуслар ўртасида чиққан жанжал оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради “BBC” нашри.
Нуэво вилояти губернатори Леон Хайме Родригеснинг сўзларига қараганда, икки жиноий гуруҳ ўртасида содир бўлган бу тўқнашув ярим кечаси бошланиб, 30-40 дақиқа давом этган, 52 киши ҳалок бўлган, 12 киши оғир яраланган. Бу икки жиноий гуруҳнинг бирини “Дзета-27” лақабли Хуан Педро Зальдивар Фариас, иккинчисини эса “Галф” лақабли Хорхе Иван
Хернандес Кантулар бошқарган. Ҳозирча уларнинг ҳалок бўлган, бўлмаганлиги номаълум. Маҳбусларда ўқ отар қурол бўлмаган, улар қўлбола пичоқ ва таёқлардан фойдаланиб, бир-бирларига тан жароҳати етказишган. Барча ҳалок бўлган маҳбуслар эркак кишилар бўлган. Қамоқхона омборхонасида ёнғин чиққан. Маъсул шахсларнинг хабар беришича, вазият назорат остида, маҳбуслардан ҳеч ким қамоқхона ҳудудидан ташқарига чиқиб кетолмаган. Маҳбусларнинг юзлаб қариндошлари қамоқхона деворлари тагига тўпланганча, полициячиларга тош ва таёқ ирғитиб, бўлган воқеа ва яқинлари тўғрисида маълумот беришни, қамоқхона дарвозасини очишни талаб қилишган.





