АсосийJamiyat

“Оммавий маданият”нинг совуқ шарпаси ёхуд “Валентин куни”

Ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирган, нафақат халқимиз балки дунё маънавий хазинасига ўзининг бетакрор асарлари билан муносиб ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиздан бири, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларидир.

Нафақат буюк давлат арбоби ва саркарда, балки олим ва шоир, улуғ мутафаккир сифатида дунё аҳли унинг ижоди юксак эътибор ва ҳурмат билан қарайди.

У асарлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, энг аввало, улуғ мутафаккирнинг шоҳ асари– “Бобурномани” тилга олишимиз лозим бўлади. Ушбу нодир асар бугунги кунда дунёнинг 31 тилига таржима қилинган. Ғарбнинг машҳур олимлари, хусусан, франциялик Паве де Куртейл, англиялик олимлар Ж.Лейден, В.Т.Албот, Р.Колдекот, А.Бевереж, германиялик олимлар А.Кейзер ва Ю.Клайнрат ва бошқалар “Бобурнома” мазмун ва моҳиятини жаҳон аҳлига етказганидан буюк шараф туйганларини эътироф этганлар.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистон давлатчилиги тарихида ҳам катта из қолдирган йирик давлат арбобидир.Ҳиндларнинг улкан эътирофларга сазовор бўлган ватанпарварлариданЖаваҳарлаъл Неру Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:“Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин, катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.

Биз авлодлар улуғ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва серқирра ижодига ҳурмат ила,уни чуқур ўрганишимиз, қолаверса,бутун дунёга тарғиб қилишимиз зарур.

Шу ўринда бир мулоҳаза билан ўртоқлашишни истар эдим. Барчамиз биламизки, 14 февраль санаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд топган кунидир. Шу боис, улуғ аждодимизнинг бой маънавий меросига юксак ҳурмат ва эҳтиром туйғуси ила, кўпгина давлатлар ушбу кунни биз сингари кенг нишонлаб келишади. Бу албатта, барчамизга чексиз қувонч, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Бироқ аччиқ бўлсада таъкидлаш зарурки, айрим ёшларимиз (улар кўпчиликни ташкил этмаса ҳам) томониданушбу кун миллий менталитетимиз, халқимиз минг йиллар давомида кўз қорачиғидек асраб авайлаб келган қадрият ва урф-одатларимизга ёт бўлган бир “байрам”ни ҳали ҳануз айрим тор доираларда нишонлаб келишмоқда.

Бу ҳол айниқса, 14 февраль санаси арафасида глобал тармоқда урчиб кетади. Тўғри, сўнгги йилларда юртимизда изчиллик билан олиб борилган маънавий ислоҳотлар, эврилишлар маҳсули ўлароқ, Интернет тармоғининг миллий сегментида “Валентин куни” ёхуд “Севишганлар куни” сингари “оммавий маданият” унсурлари кескин бартараф этилди. Бироқ таъкидлаш жоизки, миллий ўзлик ва ўзимизга хос тафаккур тарзига зиён етказиши мумкин бўлган бундай иллатларга муросасиз бўлиш, назаримизда, бугунги куннинг бош талабидир.

Агарда “Валентин куни” тарихига назар солсак, маълумотларда у қадимий Римда туғилишни кўпайтириш мақсадида эротик фестиваль сифатида жорий қилинган, дейилади. Ўша замон ва шаҳар маданияти ҳамда ахлоқидан келиб чиқиб, айтиш керакки, у даврда ҳали дин пайдо бўлмаган эди.Ахлоқсизлик тарғиботчилари, яъни бундан мўмай даромад топиш ниятидаги чаққонлар эса 17-асрда Францияда ва 18-асрда Англияда ушбу кунни байрам сифатида тарғиб қила бошлашган. Ушбу тенденция Ғарбда янада оммалашиб, бугун ўзининг бетартиб “мева”ларини бераётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ғарбнинг бугунги қиёфасига бир назар солсак,Ғарб одамларининг оила қадриятларига муносабати, бир жинсли никоҳлар,ахлоқсизлик гирдобининг тобора чуқурлашиб бораётгани соғлом фикрли инсон борки, хавотирлантирмай қолмайди.

Яна бир мулоҳаза: “Валентин куни”нинг динимиз ёки халқнинг қадимиз урф-одатлари билан боғлиқ жиҳатлари мутлақо йўқ. Аксинча, унинг илдизлари ахлоқсизликка бориб тақалиши тарихдан маълум.Мамлакатимиз аҳолиси кўп миллатли ва кўп конфессиялидир. Қолаверса, ўзбек халқига хос қадриятлардан бири бағрикенгликдир.Бироқ келиб чиқиши ва асоси ахлоқсизликка бориб тақаладиган бундай “байрам”нинг ёшларимиз орасида оммалашувига шунчаки томошабин бўлиб туриш, юрт келажаги ва асрлар давомида асраб-авайлаб келинаётган ўлмас қадриятларимизга хиёнатдир. Назаримизда, бундай ҳолатларда жавобимиз кескин ва муросасиз бўлиши зарур.

Фахриддин СОЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

 ҳузуридаги Ахборот хавфсизлигини таъминлаш

маркази бош мутахассиси

    Бошқа янгиликлар