Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида “Лайли ва Мажнун” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
Қайтадан саҳналаштирилган спектаклда меҳр-муҳаббат, садоқат, соф севги тараннум этилган. Қайс ва Лайлининг ўз аҳди йўлидаги кураши, чеккан заҳмат ва изтироблари таъсирчан воқеалар воситасида акс эттирилган. Спектаклда Навоий сиймосининг гавдалантирилгани муайян воқеа ва ҳодисаларга шоир муносабатини баён этишда ўзига хос янгилик бўлган.
Хуршид драмаси асосида Шуҳрат Ризаев томонидан қайта ишланган асарни Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов саҳнага қўйган. Саҳнавий безак ва декорациялар муаллифи – Бахтиёр Тўраев. Лайли ролини Дилором Абдуолимова, Қайс ролини Равшан Иброҳимов ижро этмоқда. Спектаклда Ўзбекистон халқ артисти Мариям Ихтиёрова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Александр Бекжонов, Турғун Бекназаров, Дилором Сафоева иштирок этмоқда.





