“Даракчи” мухбири билан суҳбатда актёр Мурод Ражабов тақдирга ишониш ишонмаслиги ҳақида гапирди.
“Мен тақдирга ишонаман. Ўйлашимча, Оллоҳ ўз мақсадига қийинчилик билан эришган инсонни қўллайди. Бундан бир неча йил илгари ҳаётимда ғайритабиий воқеа содир бўлган. Ўшанда Фарғона вилоятидаги гастрол сафаридан қайтаётган эдик. Ярим тун. Атроф қоп-қоронғу. Автобус ҳайдовчисидан бир муддатга тўхташини сўрадим. Узоқ муддат ўтирганимдан оёқларим увушиб қолган эди. Бир пайт узоқдан менга қараб турган соч-соқоли оппоқ, ҳассали чолни кўриб қолдим. У қўлларини тез-тез қимирлатиб, мени ортга қайтишга ундарди. Мен шу даражада қўрқиб кетдимки, тезда автобусга чиқиб, ҳайдовчидан тезроқ бу ердан кетишни сўрадим. Эртаси куни эса радио орқали кеча биз тўхтаган жойда кучли сел келиши юз берганини эшитдим. Бу воқеадан кейин мистикага ишонмай бўладими?” — дейди актёр.





