Жанубий Кореяга Инчхон Сеуль халқаро аэропорти орқали учиб келаётган сайёҳларга бепул тарзда смартфонлар тақдим этилади, деб хабар беради “Lenta.ru”.
Маълумотларга кўра, мазкур акция ташаббускорлари SK Telekom маҳаллий уяли алоқа оператори, Миллий туризм ташкилоти ва Samsung компанияси ҳисобланади.
Акцияда иштирок этишни истаган сайёҳлар беш кун давомида сим-карта ўрнатилган ва интернет учун бир гегабайт трафик уланган Samsung Galaxy Note 5 смартфонидан фойдаланиши мумкин.
Бепул смартфонларни ҳафтасига 250 киши қўлга киритиши мумкин. Шундай қилиб, мамлакат ҳудудида бепул смартфонлардан йилига 12 минг сайёҳ фойдалана олади.
Гаджетни қўлга киритиш ниятида бўлган сайёҳлар Миллий туризм ташкилоти расмий сайтида ариза қолдириши керак.
Ариза намунаси яқин кунларда ташкилот сайтига жойланади. Акция айнан қачондан бошланиши ошкор этилмаган.





