АсосийSport

Олимпия ўйинларига яна бир йўлланма қўлга киритилди

Мексиканинг Мехико шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича Гран-при турнирининг ҳал қилувчи финал мусобақаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг етакчи таэквондочилари 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб борди. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилинишича, ушбу мусобақа 2015 йилда ўтказилган Гран-при турнирларининг якуний босқичи бўлиб, унда ўз вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлган спортчига 80 рейтинг очкоси берилди. Бу спортчиларга рейтинг жадвалидаги мавқеини янада яхшилаш ва ҳар бир вазнда Олимпиада йўлланмаси бериладиган кучли олтиликка кириши учун қулай имконият яратди. 

Нуфузли турнирда терма жамоамиз аъзоларидан жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори Дмитрий Шокин ва жаҳон чемпионати совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев вазни 80 килограммдан оғир бўлган спортчилар ўртасидаги баҳсларда иштирок этди. 

Мусобақада Жасур Бойқўзиев бронза медални қўлга киритиб, энг оғир вазндаги спортчиларнинг рейтинг жадвалида Дмитрий Шокиндан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Дмитрий эса мусобақада совринли ўрин эгалламаган бўлса-да, рейтингдаги пешқадамлигини сақлаб қолди. 

Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир спортчи Олимпиадада қатнашиш имконига эга бўлади. Спортчиларимизнинг қайси бири Бразилияга бориши Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси томонидан эълон қилинади. 

    Бошқа янгиликлар