“Даракчи” газетасиниг 49-сонида Ботир Қодировнинг концерт дастурида юз берган машмашалар “Қонун барчага баробар, Ботир Қодировга ҳам...” сарлавҳаси остида ёритилганидан хабарингиз бор.
Мазкур мақола чоп этилгач, хонанда Ботир Қодиров ва унинг продюсери Аброр Пўлатов таҳририятга ташриф буюриб, юзага келган англашилмовчиликларга ойдинлик киритишди. Газета журналистларининг мазкур ҳолат юзасидан берган саволларига жавоб беришди ва продюсерларнинг айби билан юзага келган англашилмовчиликлар учун Ботир Қодиров узр сўради.
(Таҳририятда сақланаётган аудио ёзувлар буни исботлайди.)
Аммо бу билан машмашалар тўхтамади. Газетада мазкур мавзуга оид иккинчи мақола нашрга тайёрланганда продюсер Аброр Пўлатов таҳририятга келиб, мақола билан танишди. Бош муҳаррир эса продюсернинг талабини бажариб тайёр бўлган мақолани унга ўқиб чиқиш учун тақдим этган. Бироқ продюсер Аброр Пўлатов мақола билан танишиб чиқиш баробарида ҳали сотувга чиқмаган тайёр мақола саҳифасини суратга тушириб, таҳририятнинг рухсатисиз сайтларга тарқатган. Бу ўринда Аброр Пўлатов амалдаги муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун талабларини бузган.
Биз мазкур машмашаларга — Ботир Қодировнинг концертида юзага келган ҳолатлар бўйича ОАВ сифатида ўз ёндашувимизни баён этишга ҳақлимиз. Шунингдек, мазкур масалани “Даракчи”ни дастак қилиб олиб, фақат продюсер Аброр Пўлатовнинг ёндашувига асосланиб, ёритаётган интернет сайтлари ҳам ўз қаричи билан ўлчашга ҳақли. Ваҳоланки, айни пайтда “Даракчи” мухбири концертга киритилмагани учун (аслида нафақат “Даракчи” мухбири, балки бошқа интернет сайтлари ходимлари ҳам киритилмагани ҳақидаги аудио маълумот мавжуд) бу машмашалар чиқди, деяётганлар мақоладаги танганинг иккинчи томони, яъни давлат маблағига қурилган, халқ мулки, юртимиз фахри бўлган “Истиқлол” санъат саройига зарар етказилгани (бу ҳақда ҳам етарлича аудиоёзувлар бор), бундай қилишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ҳақидаги мулоҳазаларга ҳам эътибор қаратишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Продюсер Аброр Пўлатов эса интернет сайтларида хонанда Ботир Қодиров орқали шаблон пиар мақолаларни чоп эттиришдан кўра, зиммасидаги мажбуриятни тўлақонли бажарганида бу гап-сўзларга ҳожат қолмасди. Хонанда Ботир Қодировга келсак, у бунақа қора пиарларга муҳтож эмас, бизнингча. Ўз овози, ўз услуби, ўз истеъдодига эга хонанда продюсерининг бу хатти-ҳаракатларини ўзига эп кўрмаслиги ҳам ҳақиқат.
Яна бир гап: Ботир Қодировнинг бизга берган интервьюсида айтганидек, “иш бор жойда камчилик ҳам бўлади”. Эҳтимол, мазкур машмашалар ёртилган интервьюда камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилади.
Лекин, ўз навбатида биз ҳам Ботир Қодировнинг продюсери Аброр Пўлатовдан ҳали чоп этилмаган газета саҳифасини розилигимизсиз тарқатгани учун изоҳ талаб қилишга ҳақлимиз.
P.S: Биз бу масалага ўз муносабатимизни, айтадиган гапларимизни айтдик. Бошқа бу мавзуга қайтмаймиз! Нуқта.
Таҳририят





