Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Европа Иттифоқи ва ЮНИСЕФнинг “Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш” қўшма лойиҳаси натижаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лазиз Тўйчиев, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Октай Гўзалов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни камолга етказишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олган.





