Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида “Samsung” инновацион сервис академиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу академиянинг очилиши билан мобиль қурилмалар ва рақамли телевизорларга хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш курслари ҳам ташкил этилди.
“Samsung” инновацион сервис академияси” лойиҳаси Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи, “Samsung Еlectronics” компанияси ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Ушбу лойиҳа ёшларни ишга жойлаштириш учун қўшимча имкониятлар яратиш, хизмат кўрсатиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашнинг янги стандартларини таклиф этишга йўналтирилган.
“Samsung” инновацион сервис академияси замонавий жиҳозлар билан таъминланган аудитория, иккита лаборатория ва бошқа бинолардан иборат мажмуадир. Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчилари академиянинг биринчи тингловчиларига айланади. Академияни муваффақиятли битирганларга «Samsung Еlectronics» компанияси сертификатлари топширилади.





