Божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга 2015 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилишни амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК Божхона назоратини ташкил этиш бўлими инспектори Камолиддин Алимов хабар беради.
Бу эса автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштиришни янада такомиллаштириш ва расмийлаштириш вақтини қисқартириш, шунингдек улар тўғрисидаги ахборотларнинг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Энди автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати ҳамда давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботларини амалга ошириш схемаси ҳам тасдиқланди.
Манфаатдор шахслар давлат божхона хизмати органларига товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги бошқа маълумотларни ҳам жўнатишлари мумкин.





