АсосийJamiyat

2015 йилда 27,8 километр газ тармоқларини капитал таъмирлаш белгиланган

Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида газ тақсимоти тизимлари реконструкция қилинди. Эски газ қувурлари тўлиқ алмаштирилди. 

Жорий йилда 27,8 километр газ тармоқларини капитал таъмирлаш белгиланган эди. Айни пайтда бу борадаги ишлар ўз ниҳоясига етказилмоқда, дейди «Тошкентгазтаъминот» унитар корхонаси «Тошкентшаҳаргаз» филиали бош муҳандиси Ш.Тожиев. Ер ости газ қувурларини таъмирлашда полиэтилен қувурлар тортишнинг замонавий «қувур ичида қувур» технологиясидан фойдаланилмоқда. Ушбу технология маблағ ва вақтни тежаш имконини беради. 

Газ таъминоти тизимида газ назорати пунктлари муҳим бўғин ҳисобланади. Ўрта ва юқори босимли 2 минг 232 газ назорати пункти тафтиш ҳамда профилактика кўригидан ўтказилди. Ушбу жараёнда аниқланган носозликлар тезкорлик билан бартараф этилиб, эскирган ва кам қувватли ускуналар алмаштирилди. 

Аҳолининг газ таъминоти бўйича шикоятлари техник кенгашда кўриб чиқилмоқда. Жорий йилда аҳолидан келиб тушган аризалар ва газ ускуналарининг техник текширувидан сўнг Миробод туманидаги Темирйўлчилар кўчасидан то Саракўл кўчасигача бўлган 4,4 километрлик газ қувурини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Ер ости газ қувурлари хизматининг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва анча чуқурликдаги газ қувурларининг шикастлангани ҳамда газ чиқишини аниқлашга қодир мобиль лабораторияси ёрдамида 1300 километрлик газ тармоғи текширувдан ўтказилди. Аниқланган барча носозликлар тезкорлик билан бартараф этилиб, 102,6 километрлик ер ости газ қувури қайта тикланди. 

    Бошқа янгиликлар