19 ноябрь Халқаро чекишга қарши кураш куни. Ҳар йили 6 миллион қурбон... Шулардан 83 фоизи «тажриба»ли кашандалар, қолгани эса «асабни тинчлантириш» усулининг фойдаланувчилари.
Болалардаги туғма нуқсонларнинг 20 фоизи – тамаки чекувчи ота-оналарнинг «шарофати» бўлса, 15 фоизи тамаки тутунидан заҳарланиш оқибатида келиб чиқади. Агар аҳвол шу тарзда давом этса, 2030 йилга келиб тамаки маҳсулотлари йилига 8 миллион кишининг «ёстиғини қуритиши» мумкин.
Мазкур рақамлар Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотлари бўлиб, тамаки чекувчилар орасидаги ўлим ҳолатининг кўпайиб бораётгани (ачинарлиси қурбонлар орасида ёшлар ҳам бор) ушбу муаммонинг нечоғлик долзарблигини англатади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар олти сонияда дунё бўйича битта кашанда ҳаётдан кўз юмади. Бу ҳар йилги умумий кўрсаткичнинг 10 фоизини ташкил қилади. Ҳар иккинчи қурбон эса организмнинг никотин моддаси билан заҳарланишидан нобуд бўлади. Тамаки тутуни таъсирида дунё бўйича ҳар йили 600.000 дан ортиқ инсон касалланади.
Тамаки чекиш ҳақида сўз борганида имкон қадар ҳаётий воқеалар ва реал иштирокчиларга юзлансак, муҳокамамиз жонлироқ чиқишини ўйлаб, кино ва эстрада санъаткорларидан сўрадик. «Қачондан бери чекасиз?», «Ташлашга уриниб кўрганмисиз?», «Тамаки зарари ҳақида биласизми?»





