АсосийJamiyat

Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги Қўшма декларацияни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди, дея хабар беради ЎзА. 

Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Навоз Шариф шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди. 

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. 

Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда очиқ ва амалий руҳда ўтган музокараларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалалари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар. Ушбу ташриф ва унда эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очиши, унга қўшимча суръат бағишлаши қайд этилди. 
Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда. 

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш мўлжалланган. 

 

    Бошқа янгиликлар