Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 12 ноябрь куни Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фан-таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, ахборот технологиялари, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, транзит, логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2014 йилда бу кўрсаткич 245,7 миллион, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида қарийб 135 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокида тузилган 32 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар мебелсозлик, нефтни қайта ишлаш, тўқимачилик, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, полиграфия, транспорт ва логистика, улгуржи савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган. Юртимизда Латвиянинг 16 компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Шу куни Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Фан ва техника, импорт-экспорт, юк ташиш, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига Латвия компанияларини кенг жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.





