АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 10 мингга яқин корхона озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаради

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинаётир. Озиқ-овқат маҳсулотларини меъёрларга мос ҳолда аҳолига узлуксиз етказиб бериш,  сифати ва хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда. Мисол учун, 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат, хусусан, гўшт, сут, қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан импорт ҳисобидан қондирилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, ушбу маҳсулотларнинг 96 фоизи юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. 

Тизимдаги корхоналарда уч мингдан ортиқ номдаги маҳсулот тайёрланмоқда.

Уюшмада жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,5 фоиз ўсишга эришилди. Юзга яқин турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ўн мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

Ҳозир юртимизда ўн мингга яқин корхона озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.

Матбуот анжуманида яқин беш йилда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси бир ярим баробар, консерва ишлаб чиқариш икки баробар кўпайиши қайд этилди. Бунинг учун янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш мақсадида 2020 йилга қадар умумий қиймати 910 миллион доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

    Бошқа янгиликлар