АсосийJamiyat

«Лукойл» Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга $5 миллиарддан ортиқ инвестиция йўналтирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 ноябр куни Оқсаройда «ЛУКОЙЛ» нефт компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон нефт-газ тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ушбу компания фаол иш юритаётганини таъкидлади. 

Бугунги кунда «ЛУКОЙЛ» Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот конлари ва Қандим конлар гуруҳи каби истиқболли газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефт-газ участкаларини ўрганиш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳамкорликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистон қисмида истиқболли углеводород конлари топилди.

Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган жами инвестициялари ҳажми 5 миллиард доллардан ошди.

«ЛУКОЙЛ» айни пайтда энг илғор технологияларга асосланган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишига киришди. Бу замонавий завод йилига 8 миллиард куб метр табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Учрашувда В.Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.

«ЛУКОЙЛ» компанияси Ўзбекистон нефт-газ тармоғидаги инвестициявий лойиҳалар доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди.

Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

    Бошқа янгиликлар