АсосийJamiyat

«Ижтимоий фикр»: “97,5 фоиз аҳоли йигит ва қизлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт, деб ҳисоблайди”

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Оила ва жамият: маънавий ва ахлоқий олам» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.

Ижтимоий сўровдан кўзланган асосий мақсад оила ва никоҳ, фарзанд тарбияси, баркамол авлодни шакллантириш масалалари бўйича жамоатчилик фикридаги устувор тенденцияларни аниқлашдан иборат бўлди. Сўров мамлакатимиз ҳудудларида барча ижтимоий гуруҳлар, жумладан, эркаклар, аёллар, ёшлар, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида ўтказилди, дея хабар беради ЎзА.

Сўров шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 83,7 фоизи йигит ва қизларни никоҳга тайёрлаш мустаҳкам ва бахтли оила қуришнинг зарур шартларидан бири эканини тасдиқлади. Ушбу жараёнда оиладаги тарбия муҳим ўрин тутади. Иштирокчиларнинг ярмидан кўпи ота-оналар ўзи ибрат бўлиб, фарзандларини мустаҳкам ва фаровон оила қуришга тайёрлаши керак, деб ҳисоблайди.

Сўровда иштирок этганларнинг аксарият кўпчилиги – 97,5 фоизи йигит ва қизлар мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтиши шарт, деб ҳисоблайди. Бу жамиятнинг соғлом фарзандлар туғилиши ва бўлажак оилаларнинг ижтимоий фаровонликка интилиши учун масъуллигидан далолат беради.

Аксарият фуқаролар (91 фоизи) фикрича, фарзанд тарбияси ота-онанинг энг муҳим вазифаси ва бурчидир.

Сўров мустақиллик йилларида оилавий муносабатлар демократлашиб, фуқаролар оила мажбуриятлари эр ва хотин, ота ва она ўртасида  тақсимланаётгани, жамиятимиз ва оилада хотин-қизларнинг мақоми юксалиб бораётганини тасдиқлади. Бундан ташқари, оила ва унинг аъзолари ҳаётига тааллуқли муҳим масалалар бўйича қарорларни оила бошлиқлари биргаликда қабул қилмоқда. Иштирокчиларнинг аксарияти (72,1 фоизи) фарзандларини тушуниши ва улар билан муносабати яхши эканини қайд этган. 

    Бошқа янгиликлар