АсосийJamiyat

Эмлаш тадбирларига 2015 йилда 13,6 миллиард сўм маблағ ажратилди

Ўзбекистонда пневмококк инфекциясига қарши янги вакцина жорий этилди. Пойтахтимизда шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Бош давлат санитария врачи С.Сайдалиев, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи О.Гўзаловлар иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий эмлаш тақвими яратилиб, 18 ёшгача бўлган болалар 10 дан ортиқ касалликка қарши эмланмоқда.

Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида илгарилари болалар саломатлигига жиддий таҳдид туғдирган кўплаб касалликларнинг олдини олиш, эпидемиологик барқарорликни таъминлашга эришилмоқда. Миллий эмлаш тақвимига киритилган иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджетидан молиялаштирилади. 2015 йилда ушбу мақсадлар учун 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди.

Пневмококк ўпка, мия ва юрак қобиғи, қулоқ, бурун бўшлиқлари, нафас йўллари, бўғимлар яллиғланиши каби оғир хасталикларни келтириб чиқарувчи хасталикдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар йили 1,6 миллион аҳоли, жумладан, 800 минг бола ушбу инфекция туфайли келиб чиқадиган оғир касалликлардан нобуд бўлмоқда.

Мамлакатимизда янги вакцинани амалиётга жорий этишга жиддий тайёргарлик кўрилди. 8 мингдан зиёд ўрта тиббиёт ходими эмлаш ишларини амалга ошириш бўйича махсус тайёргарликдан ўтди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган умумий амалиёт врачлари ва патронаж ҳамширалар иштирокида махсус ўқув-услубий машғулотлар ташкил этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эпидемиологи Нурмат Отабоевнинг айтишича, пневмококк ҳаво орқали юқади. Касалликнинг  яширин даври уч кунгача давом этади. Инфекция, айниқса, иммунитети заиф болаларга хавф туғдиради. Ушбу касалликдан ҳимояланишнинг энг самарали йўли гўдакни эмлатишдир. Эмлаш тадбирлари икки, уч, ўн икки ойлик болалар ўртасида ўтказилади. Ушбу вакцина болада касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил қилади.  

Эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган энг самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда тиббий лаборатория синовларидан ўтказилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  мувофиқлик сертификати билан кафолатланди ва жойлардаги эмлаш пунктларига етказиб берилди. Аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида хонадонлар, маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилди.

    Бошқа янгиликлар