АсосийJamiyat

Нотўғри огоҳлантириш ва ичимлик суви машмашалари қандай ҳал этилди?

 “НЕГА ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ КЕЛДИ?”

Маҳалламизнинг ярмида газ бор, ярмида йўқ. Қишда менга ўхшаган қарияларга уйда ўтириш жуда қийин бўлиб қолади. Бундан ташқари ичимлик суви масаласи ҳам бор. Сув идорасидан менга 715 000 сўм қарздорлик ҳақида огоҳлантириш хати келди. Код рақами эса 062/0468 ёзилган. Менинг код рақамим эса 062/0476. Ваҳоланки, менга 2014 йил қарздорлигим йўқлиги ҳақида маълумотнома беришганди. 2015 йил учун ҳам тўловни амалга ошириб келяпман. 10 кун ичида агар қарздорликни тўламасам, ҳар бир кечиктирилган кун учун эса пеня олинаркан, иш судга ошириларкан. Ана шу масалани ечишда ёрдам берсангиз.

Ш.Ҳамдамов,

Самарқанд шаҳри, Майсазор маҳалласидан

БИРИНИКИ БОШҚАСИГА?!

О.Очилов, Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари:

— Табиий газ таъминоти бўйича “Самарқандшаҳаргаз” филиали томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Майсазор маҳалласидаги аҳоли хонадонларнинг газ таъминоти яхшиланди. Ичимлик суви бўйича Зарафшон кўчаси 2-берк кўча 48-уй аввал битта ҳовли бўлган, ҳозирда иккига бўлиниб, алоҳида иккита хонадон ҳисобида келмоқда.

Биринчи 48-хонадон Хожимамедова Темуранинг (тўлов коди 062/0468)га тегишли бўлиб, Зарафшон кўчаси 2 берк кўча 48-А уй ҳисобланади. Ичимлик сувидан бўлган қарзни тўлаш учун юборилган огоҳлантириш хати аслида Зарафшон кўчаси 2-берк кўча 48-уйда яшовчи Хожимамедова Темуранинг қарзи ҳисобланади, англашилмовчилик сабабли Ш.Ҳамдамовнинг қўлига бориб етган. Вазият ўрганилган, Ш.Ҳамдамов “Сувоқава” ИЧДКга  эътирози йўқлигини билдирди.

ТАҲРИРИЯТ: ушбу мурожаатдаги икки масаланинг ўрганилган натижалари бўйича Майсазор маҳалла раиси Н.Қосимованинг маълумотномаси ва Ш.Ҳамдамовнинг тушунтириш хати ҳам илова қилинган. Аммо бугунги кунда барча соҳада марказлашган тизим амалга татбиқ этилаётган даврда, бундай англашилмовчиликка йўл қўйилиши қанчалик тўғри? Ваҳоланки, мазкур  фуқарога огоҳлантириш хати англашилмовчилик сабаб йўлланганини ҳудуднинг ўзидаёқ ҳал этиш қанчалик вақт талаб этади?

  • Ичимлик суви

8 ЙИЛЛИК МАСАЛА: КИМ ҲАЛ ЭТАДИ?

Мана 8 йилдирки, ичимлик суви масаласи ҳал этилмай келмоқда. Сал кам 1 километр узоқликдаги Норин дарёсидан сув ташиймиз. Жуда кўп маротаба керакли ташкилотларга мурожаат қилдик. Натижа бўлмагач, маҳалла фуқаролари ўз ҳисобидан бу муаммони ҳал этмоқчи эдик, аммо уддалай олмадик. Иложсизликдан сизларга мурожаат қиляпмиз.

Т.Усмонов, Наманган вилояти

Учқўрғон тумани Чек маҳалла

3-тор Ҳамза кўчасидан

ДАВЛАТ МАБЛАҒАЛАРИ НИМА УЧУН САРФЛАНАДИ?

Т.Дадабаев, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари:

— Фуқаро мурожаати мутахассислар томонидан жойида чиқиб ўрганилди. Ўрганиш жараёнида Учқўрғон тумани Чек маҳалла Ҳамза 3-берк кўчасидаги 8 та хонадондан 4 та хонадон эгалари ўз ҳисобларидан Ҳамза кўчасидан ўтган Д-76 марказий тармоғидан  ичимлик сувини тортиб олганликлари, фуқаро Т.Усмонов хонадонида ичимлик суви чиқиб турганлиги ҳамда бошқа хонадонларда ичимлик суви йўқлигини аниқланди.

Аризачи Т.Усмонов билан суҳбатлашилганда, йилнинг март-апрел ойларигача ичимлик суви бир меъёрда бўлиши, бироқ кунлар исиши билан ичимлик сувга талаб ортиши натижасида таъминотда танқисликлар кузатилишини таъкидлади.

Аризачи ва ушбу кўчадаги хонадон эгаларига давлат капитал маблағлари ҳисобидан асосан янги иншоотлар қуриш ҳамда марказий кўчаларга ичимлик сув тармоқларини тортиш ишларининг бажарилиши, ички кўчаларга эса туман сув таъминоти корхонасидан рухсат олган ҳолда аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан ичимлик сув тармоғи тортиши лозимлиги тушунтирилди.

Шунингдек, туман “Учқўрғон ичимлик сув” шўъба корхонасига МФЙда истеъмолчиларни хатловдан ўтказиш ҳамда ичимлик сувидан самарали фойдаланиш чораларини кўриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

ТАҲРИРИЯТ: Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу ҳолат назоратга олинганлиги ҳам маълум қилинган. Ўйлаймизки, мурожаатдаги ҳудуд истеъмолчиларининг ички кўчаларга ўз ҳисобидан ичимлик суви тармоғи тортилиши борасидаги саъй-ҳаракатларида  ҳам вилоят ҳокимлиги ўз ёрдамини аямайди, тушунтиришлар беради.

  • Ваъдага вафо қани?

“РЕЖАГА КИРИТИЛГАН-У, БАЖАРИЛМАДИ”

Биз яшаб турган маҳаллани ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 2011 йил феврал ойида Шаҳрихон «сувоқава» идораси билан келишилган ҳолда қудуқ кавлаш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган ва 2012 йилда режага киритилган эди. Аммо 2015 йилни биринчи ярми ўтди ҳамки иш бошлангани йўқ. Беш йилдан буён ваъда беришиб, бажаришмаяпти.

Аширали Зокиров, Андижон вилояти Шаҳрихон тумани

 

         “АНДИЖОНЛИК”ЛАР СУВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

Ш.Тўхтабоев, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари адлия маслаҳатчиси:

— Фуқаро А.Зокировнинг Шаҳрихон шаҳар Андижонлик маҳалласи ичимлик суви билан таъминлаш дастурига киритилмаётганлигидан норози бўлиб йўлланган мурожаати мавжуд ҳужжатлар асосида ўрганилди.

Айнан шу мазмунда ёзган мурожаатлари вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, натижалари ҳақида тушунтириш бериб жавоб хатлари юборилган.

Хусусан, Шаҳрихон туманида иккита «Андижонлик» номли маҳалла фуқаро йиғинлари мавжудлиги, биринчиси Шаҳрихон туман, Ўрта-Шаҳрихон ҚФЙ ҳудудида ва иккинчиси Шаҳрихон шаҳар ҳудудида бўлиб, 2015 йилда Ўрта-Шаҳрихон ҚФЙ ҳудудидаги «Андижонлик» маҳалласига сув тармоғи қурилиши режалаштирилган. Шаҳрихон шаҳар Андижонлик маҳалласини сув таъминотини яхшилаш бўйича эса 1 қудуқ ва 1,5 км. сув тармоғини қуриш учун 2016 йилда инвестиция дастурига киритилган.

  • Истеъмолчи ҳуқуқи

“НЕГА 400 000 СЎМ ҚАРЗДОРЛИК ЧИҚҚАН?”

Мен газ истеъмоли учун газ ҳисоблагич бўйича тўлов тўлайман. Негадир Олмазор туман газ ходимлари неча йиллардан буён ҳисоблагич борлигига қарамасдан истеъмолни киши бошига ҳисоблаб, қарз ёзиб ташлашган. Улар бирор марта огоҳлантиришмаган. 2015 йил 10 апрелда газ ҳисоблагични давлат стандартидан ўтказдим. Улар ҳисоблагични тўғри ишлаётгани ҳақида маълумот беришган. Шундай экан, мен нима учун яна 400 000 (тўрт юз минг) сўмдан ортиқ пул тўлашим керак?

Феруза Низомова, Тошкент шаҳри Олмазор тумани

САБАБЛАР ОЙДИНЛАШДИ, ТУШУНТИРИШ БЕРИЛДИ

А.Қаюмов, “Тошкентшаҳаргаз” филиали бошлиғи в.в.б:

— Фуқаро Ф.Низомованинг фойдаланилган табиий газ учун амалга оширилган тўловларига  аниқлик киритиш бўйича мурожаати “Олмазортумангаз” фойдаланиш хизматининг масъул ходимлари томонидан ўрганилди.

Истеъмолчида юзага келган ҳолат ўрганилганда қарздорлик хонадонга ўрнатилган газ ҳисоблагич давлат қиёслаш кўригидан ўз вақтида ўтказилмаганлиги сабабли туман газ идораси томонидан меъёр тариф ҳисобида ҳисобланиши натижасида қарздорлик юзага келган.

Газ ҳисоблагични давлат қиёслов кўригидан ўтказиш даврийлиги 4 йилда 1 маротаба қилиб белгиланган. Газ ҳисоблагич учун берилган давлат паспортида эса газ ҳисоблагични давлат кўригидан ўтказилиши муддати қайд этилган. Ана шу тартиблар, меъёрий ҳужжатлар бўйича ҳисобланган тўловлар юзасидан истеъмолчига тушунтириш берилди. Газ ҳисоблагич “Метрология хизматлари кўрсатиш” Давлат корхонаси филиали томонидан берилган қиёслаш ҳақидаги сертификат туман газ бўлими  АСУ тизими рўйхатига киритилди.

  • Изоҳ: мурожаатлар ва уларга жавобан тақдим этилган маълумотлар мазмуни сақланган ҳолда қисқартириб олинди.

 

    Бошқа янгиликлар