Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Миллий эстрада санъати: шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлиги – давр талаби» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Иқбол Мирзо, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори вазифасини бажарувчи Муроджон Мажидов ва бошқалар қатнашди, дея хабар беради ЎзА.
Тадбирда миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига уйғун қўшиқлар ва клиплар яратиш, ёш ижрочиларнинг маънавий оламини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Бугунги кунда мусиқа, хусусан, эстрада санъати жадал ривожланиб, ёшлар орасида кенг оммалашиб бормоқда. Бу жараён санъаткорлардан ўз ижодига янада масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бунда мусиқашунос олимлар, устоз санъаткорлар, композиторлар, ёзувчи ва шоирлар ҳамкорлигини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси шоир, бастакор, хонанда хамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Жумладан, Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш асносида халқимизнинг севимли шоирлари ва хонандалари ҳамкорлигида қирқдан зиёд янги қўшиқ яратилди.
Ёзувчилар уюшмаси кўмагида Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан ёш шоирларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, осойишта ҳаётимизга шукроналик туйғулари акс этган шеърлари Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида махсус тўплам ҳолида чоп этилди.
Соҳада бу каби ютуқлар билан бирга, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, чет эл оҳангларига ўзбекча сўзларни қўйиб ижро этиш ҳоллари кузатилмоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилаётир.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.





