Ҳар йили ёз бошланиши билан ғимирлаб қоладиган фирибгарлар тоифаси бор. Тўғри топдингиз, улар фарзандини олий ўқув юрти ёки нуфузлироқ коллежга ўқишга киритиш ҳаракатидаги ота-оналарни тузоққа тушириш пайида бўлишади..
“Менга рўпара қилаверинг!”
Университетни тамомлаган Носир орзусидаги «зўр» ишни тополмади. Мутахассислиги бўйича ишлашга бўйни ёр бермай, бошқа соҳаларда омадини синаб кўрди. Таниш-билиш қилиб кирган ишларида ҳам ёлчитиб ишламади. Хуллас, ўттиздан ошиб ҳам бир ишнинг бошини тутмай, «ҳаводан пул топадиган»ларга таассуб қилиб юраверди.
Бу замонда талаба бўлишни орзу қилмаган йигит-қиз, фарзандининг олий ўқув юртида таҳсил олишини истамаган ота-она топилмаса керак. «Қаҳрамонимиз» учун инсон руҳиятидаги ана шу нуқтада тўхташ ва ҳеч бўлмаганда маълум муддат ундан фойдаланиб қолиш мумкинлигини тушуниш қийин кечмади. Ахир, нима бўлгандаям, Носир олий маълумотли йигит-да!
Аввалига пўрим кийинишни, атрофдагилар билан хушмуомала бўлишни одат қилди. У ер-бу ерда орттирган танишларининг номини сотиб, ўзини баъзи муаммоларни ҳал қила оладигандай тутишни ўрганди. Пойтахтимиздаги университетлардан бирининг ахборот-ресурс марказида ишлаб юрган Низом билан танишиб қолгач, «ишга» жиддий киришди.
Таниш-билишларига «ўқишга кириш истагида бўлганларни менга рўпара қилиб юбораверинг» деган мазмунда гап қистириб қўйишни канда қилмади. Турган гапки, бундай «реклама» бесамар кетмади. Фарзанди ёки таниш-билишини ўқишга жойлаш истагида юрганларнинг ўзлари уни йўқлаб кела бошлашди.
Тузоқдаги “ўлжа”
Кунларнинг бирида Носир жиянини Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга “жойлаштириш” учун атайин Россиядан келган бир аёл билан тасодифан танишиб қолади. Бундай имкониятни бой беришни истамаган Носир мазкур олий ўқув юртида дарс беришини айтиб, камтарлик билан ўзини таништиради. Табиийки, жиянини ўқишга «жойлаштириш учун» таниш қидириб юрган аёл кутилмаганда «домла» билан танишиб қолганидан хурсанд бўлади.
— Тиббиёт академиясига киришнинг ўзи бўлмайди ҳозирги пайтда... — гапни узоқдан бошлади Носир.— Қисқаси, жиянингизнинг иши 15 минг долларсиз ҳал бўлмайди.
Аёл иккилангандай бўлиб, ўйлаб кўриши кераклигини айтади.
— Нимасини ўйлайсиз? Ё жиянингизнинг билимига шунчалик ишонасизми?
— Озгина келиштиринг-да, домла...
— Бундан яхши нархни тополмайсиз. Мен шу ерда ишлаб юрибман-ку, вазиятни яхши биламан. Бу пулни академиянинг «катталари»га олиб бориб беришим керак, менга арзимаган фоиз қолади.
— Яхши, фақат ҳозирча беш мингини тўғрилаб берсам бўладими? Қолганини кейинроқ, августнинг охирларига етказсам...
Носир «мижоз»ни бой берармиди. Ўзини нималарнидир чамалаб кўраётган одамдай тутиб, бир муддат индамай турди. Сўнг: — «Майли, бир амаллармиз. Фақат беш мингни эртагаёқ етказасиз...», — деди.
— Эртага бўлмайди. Ҳозир... — аёл шундай деб сумкасидан бир даста пул чиқариб унга узатди. Кейин унинг телефон номери, манзилини ёзиб олди. Бир ҳафтадан кейин жиянини эргаштириб келишини айтиб, жўнаб кетди.
“Ҳар қандай институтда таниши бор!”
Аммо орадан ҳафта уёқда турсин, бир кун ҳам ўтмади. Ўша куннинг ўзидаёқ кечга яқин жиянини ўқитмоқчи бўлган аёл ёнида икки йигит билан уни қидириб келди. Носир тушундики, аёл фикридан қайтган. Пулни қайтаришдан бошқа чора тополмади.
Олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш бошланган кунларда тиним билмаган Носир кириш имтиҳонлари арафасида телефонини ўчириб, бир муддат ғойиб бўлиб қолди. Унга ишониб пул берганлар чув тушганини тушунганида кеч бўлган эди.
Сентябрнинг бошлари эди. Носир ва Низом телефонлашиб, шаҳар марказидаги кафеда кўришдилар. Кўп ўтмай уларнинг олдига Носирнинг Лобар исмли таниши дугонаси билан етиб келди. Албатта, буни тасодифий ёки романтик учрашув деб бўлмасди. Носир Лобарга ўзини «ҳар қандай олий ўқув юрти-ю коллежларда таниши бор одам» сифатида таништирган, шу сабаб қизлар уни йўқлаб келишган эди.
Гап шундаки, Лобарнинг Нигора исмли дугонаси университетга ҳужжат топширган, лекин тест имтиҳонларида етарли балл тўплай олмагани боис талаба бўлиш насиб этмаган эди. Лобар унга Носир исмли таниши вазирликда, Низом исмли таниши эса ҳокимиятда ишлаши ҳақида гапириб, унинг ўқишини ана шу танишлари ҳал қилиб бериши мумкинлигини айтади. Барча фирибгарлар каби «ўлжалар»ининг олдида Носир ва Низом ўзларини анча сипо, шунинг баробарида, уддабурон одамлардай тутишиб, аллақандай олди-бердилар, валломат танишлари ҳақида гаплашиб ўтиришди.
Лобардан Нигоранинг муаммосини диққат билан эшитганларидан сўнг Носир муддаога кўчди:
— Хабарингиз бўлса керак, олий ўқув юртларида қўшимча ўринга кириш аввалгиданам қийинлашиб кетган. Лекин сиз айтган университет раҳбарлари орасида танишларим бор. Гаплашиб кўриб, жавобини кечгача айтаман.
“Қолгани бир гап бўлар...”
Қизлар кетишгач, Носир кулиб юборди:
— Буёғи қандоқ бўлди, устоз? Университетда бирон кишини таниймизми ўзи?
— Пулни олаверайлик-чи, бир гап бўлар. Барибир ишни ҳал қилолмаймиз. Қутулишнинг эса «узр, ўхшамай қолди» деган осон йўли бор. Пулни қайтарамиз-да бир кун. Унгача бир-икки айлантириб оламиз, — деди муздай пиводан симирар экан Низом. — Оғзингни тўлдириб 8000 доллар сўрайвер. Бунақа «балиқ» ҳамиша ҳам қармоққа илинавермайди.
— Низом ака, айбга буюрмайсиз-да, сиздан бемаслаҳат яна бир иш қилганман,— гапни узоқдан бошлади Носир.— Санобар опа деган бир танишим бор, мактаб директори. Ўшанинг жиянини Боровский номидаги тиббиёт коллежига ўқишга киритаман деб 1300 доллар олишга олдим-у, ишни ҳал қилолмадим. Пулни аллақачон «ҳазм» қилиб юборганман. Опа кунора телефон қилиб пулини қайтаришимни сўраяпти. Нима қилсам экан?
— Нима қилардинг, «ана-мана» деб алдаб юравер. Безор бўлганидан охири сўрамай қўяди...
Иштаҳа ош устида...
Кеч тушганда тарқалишди. Тарқалиш олдидан Носир Лобарга телефон қилиб, гўёки ҳозиргина университет раҳбарияти билан гаплашиб, ишни ҳал қилган одамдай ишонч билан гапира бошлади:
— Бу йил университетга қўшимча ўрин кам ажратилган экан. Шундай бўлсаям танишингизнинг ишини ҳал қилдим. Фақат пулини тезлаштириш керак. Вақт кутиб турмайди...
— Қанча сўрашаяпти? — иккилангандай сўради Лобар.
— Ҳа-я, айтмадимми ҳали, саккиз минг доллар... Олти мингини эрта ёки индинга, қолганини талабалик гувоҳномасини олганидан кейин бераверади.
— Жудаям қиммат айтишмаяптими, Носир ака? Майли, мен Нигорага телефон қилиб айтаман. Яна бир гап, Носир ака, Дилноза деган танишимнинг синглиси медколлежга киролмабди. Шуниям тўғрилашнинг иложи борми? — сўради Лобар.
— Коллеж масаласини Низом ака билан гаплашиб кўраман. У сизга телефон қилади, — Носир шундай деб шеригига кўз қисиб қўйди.
Эртасига Низом ака Лобарга телефон қилиб, ишни ҳал қилишини, фақат бунинг учун 1500 доллар олиб келиши кераклигини, бўлмаса кеч бўлишини айтди.
Ҳар кимки ёмон бўлса...
Лобар Носирнинг гапларини Нигорага етказди. Нигора «саккиз минг доллар катта пул, ўйлаб кўришим керак», — деганича икки кун жим бўлиб кетди. Учинчи куни «бу одамларни яхши танийсанми ўзи? Кейин пулни ололмай сарсон бўлиб юрмайманми?» деган саволни кўндаланг қўйди.
Бу ёқда синглисини тиббиёт коллежига киритиш ҳаракатидаги Дилноза ҳам бироз иккиланиб қолди. Икки фирибгар эса «пулни тезлаштириш керак» деб дам-бадам телефон қилишмоқда...
Лобар билан Дилноза буёғига нима қилишни билмай қолишди. Икки соатдан ошдики, маслаҳатлашиб бир қарорга келишолмаяпти. Носир ҳам, Низом ҳам муддатни қисқа айтишган. Сўралаётган пулни топиш эса осон иш эмас. Пул топилди ҳам дейлик, лекин улар фирибгар бўлиб чиқишса нима бўлади?
Икки дугона ўйлаб ўйига етолмай турганларида, телевизорда бир гуруҳ фирибгарларнинг жиноят устида қўлга олингани ҳақидаги кўрсатув бошланиб қолди. Кўрсатувни охиригача томоша қилган Лобар ва Дилноза бир-бирига қараб олишди. Улар бир қарорга келиб бўлишган эди.
Эртаси куниёқ улар ҳуқуқ-тартибот органига ариза билан мурожаат қилишди. Ишлаб чиқилган тезкор тадбир давомида фирибгарлар Носир Жўрабоев ва Низом Алимовлар жиноят устида қўлга олинди. Дастлабки тергов давомида уларнинг бошқа жиноятлари ҳам фош этилиб, фирибгарликни касб қилиб олгани аён бўлди. Суд ҳукми билан улар тегишли жазосини олишди. Фирибгарлик қиссаси шу тариқа якун топди.
Шавкат ЁДГОР,
журналист
Суд метариллари асосида тайёрланди.





