АсосийJamiyat

Доимий пропискам бор, уй сотиб ололмаяпман

“Мен 2012 йил 13 июль куни Тошкент шаҳрида доимий прописка қилиндим.  Орадан уч йил муддат ўтди. Ҳозирда пойтахтдан уй сотиб олиш истагидаман.  Тегишли ҳужжатларимни тўплаб, уй олди-сотдисини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилдим. Улар эса ҳозирча бу масалалар ёпиқ, дейишяпти. Бу қанчалик тўғри?  Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра менга Тошкент шаҳридан уй сотиб олишимга рухсат бериладими?”

А.Алибаев,

Тошкент шаҳри

Учтепа тумани 12-мавзе 5-уй.

2012 йил  16 февралда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги  Қарори қабул қилинган.  Айнан мана шу қарор билан тасдиқланган Низомда фуқароларниинг Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиниши талаблари ва шартлари  кўрсатиб ўтилган.  Қарор кучга кирганига уч йил бўлган бўлса-да, бу борада  айрим тушунмовчиликлар ҳам юзага келмоқда. Сўзимизни юқоридаги мурожаат ҳам тасдиқлайди.  Фуқаро ўз мурожаатида келтириб ўтган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Хорижга чиқиш , келиш ва фуқароликни расмийлаштириш  бошқармасига юзландик.

Б. Шорихсиев, бошқарма бошлиғи:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сонли Қарори билан тасдиқланган  “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича  ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги  Низомнинг 8-бандида, рўйхатнинг 2,5,9,11- бандларига мувофиқ  Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган  фуқаролар  Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида  олди-сотди битимларини, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш  шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан Тошкент шаҳри ҳудудида  камида уч йил  доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар  органининг  доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги тегишли  маълумотномани  тақдим этса амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги кунда, ушбу маълумотномани берилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги  томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритилаётганлиги сабабли, ушбу масала  ўз ечимини топганидан сўнг, Сиз туман  ИИБ паспорт бўлимига мурожаат қилишингиз лозим бўлади. 

    Бошқа янгиликлар