Муҳтарам ҳамюртлар! “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси, авваламбор, Сизларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этиб, бутун эл-юртимиз қатори Сизларга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, хонадонингизга қут-барака тилайди!
Маълумингизки, юртимиз истиқлолининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимиз раҳбарияти ва Ҳукуматининг асосий эътибори иқтисодиётнинг стратегик соҳаларида, шу жумладан иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланган ёнилғи-энергетика ресурслари соҳасида мустақилликка эришишга қаратилди ва бунга тўлиқ эришилди ҳам. Мустақилликнинг дастлабки йилларида айрим ғаламислар бизга нефть маҳсулотлари беришни чеклаб қўйганликлари оқибатида юзага келган ёнилғи танқислиги (кўпчиликнинг ёдида бўлса керак) қисқа вақт ичида бартараф этилди. Мана бир неча йилдан бери мамлакатимиз аҳолиси ва халқ хўжалиги ёнилғи билан узлуксиз таъминланиб келинмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, сўнгги кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларидаги, шу жумладан Тошкент шаҳридаги баъзи АЁҚШларда автобензинга бўлган навбат кўпайиб, аҳолига муайян даражада ноқулайлик туғдирмоқда ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Таҳлилларимизга кўра бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозларининг “Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошар экан” – деган уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ заҳира қилиб олишга ҳаракат қилаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси Сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки, Республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда.
Айни кунларда юзага келган мазкур муаммони зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолини автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва вазият тез фурсатда ўнгланади.
Шуларни эътиборга олиб, қадрли ҳамюртлар, Сизлардан хавотирга берилмасликни ва ёнилғи нархининг ошиши ҳақидаги турли шов-шувларга ишонмасликни ҳамда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига зид равишда хонадонингизда ёки мосланмаган бирон жойда автобензинни тўплаб, хонадонингиз, оила аъзоларингизни хавф-хатарга қўйманг!
Сизларни яна бир бор табриклаб, ёнилғи таъминотида узилиш бўлмаслигига ишонтирамиз ва Сизлардан турли шов-шувларга инонмасликни сўраймиз!





