АсосийJamiyat

ДАРСЛИКЛАР ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁР...МИ?

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфларини, кам таъминланган оила фарзандларини бепул ҳамда қолган ўқувчиларни ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланиши учун алоҳида саъйи- ҳаракатлар олиб боради.

Бу йил ҳам таълим муассасаларини дарсликлар билан ўз вақтида таъминлашга жиддий киришилди. Ва бугунги кунга қадар республикамизнинг барча ҳудудларга зарурий ўқув қўлланмалари етказилди.

ҚАРИЙБ 26 МИЛЛИОН ДАРСЛИК ЧОП ЭТИЛДИ

2015-2016 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 1-9 синф ўқувчиларига жами 454 номдаги 25 708 492 нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилди ва жойларга етказилди, шуларнинг 349 номдаги 21 189 502 нусхаси қайта нашр, 105 номдаги 4 518 990 нусхаси янги нашрдаги дарсликларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2015-2016 ўқув йили учун 1-синф ўқувчиларига чет тили дарсликлари, 2-синфларга машқ дафтарлари ҳамда 3-синфлар учун чет тили дарслик мажмуалари (дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиа иловалари) ҳамда 7-синф чет тили ўқитувчилари учун методик қўлланмалар ва уларнинг мультимедиа иловалари ҳам чоп этилган.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари учун мазкур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, “Ғафур Ғулом” нашриёт матбаа ижодий уйлари ҳамда “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси ва “Янгийўл полиграф сервис” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан чоп этилди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2014 йил 28 апрелда рўйхатдан ўтган “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги” Низом асосида амалга оширилади.

ДАРСЛИКЛАРНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ШАРТЛАРИ

Ижара тизимидаги дарсликлар тўплами ўқувчиларга умумтаълим мактаби маъмурияти ва ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳомий ўртасида тузиладиган дарсликларни ижарага бериш тўғрисидаги намунавий шартнома асосида берилади.

Бепул ҳам бериладими?

Бепул фойдаланиш учун тақдим этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, шу жумладан чет тиллари бўйича дарсликлар ва уларга ўқув-методик қўлланмалар умумтаълим мактаби маъмурияти ва ўқувчининг ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахс ёхуд умумтаълим мактаби ўқитувчиси ўртасида тузиладиган дарсликлар ва/ёки ўқув-методик қўлланмаларни бепул фойдаланишга бериш тўғрисидаги намунавий шартнома асосида берилади.

Дарсликлар тўплами учун ижара тўлови миқдори республика бўйича ягона бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан синфлар ва таълим тиллари кесимида тасдиқланади ва 25 августгача Халқ таълими вазирлиги томонидан барча умумтаълим мактабларига етказилади.

Ижара тўлови миқдори тегишли миқдордаги дарсликларни жорий молиявий йилда янгилаш ва ижара тизимига киритилишида уларни харид қилиш ва етказиб бериш учун зарур бўладиган маблағларнинг шартномавий ҳажмидан ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармасининг ўтган молиявий йилда олинган ва амалга оширилган бошқа ҳақиқий даромадлари ва харажатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қачонгача тўлаш лозим?

Дарсликлар тўплами учун ижара тўлови шартномага асосан 30 сентябргача тўлиқ ҳажмда тўланади. Ўқувчиларнинг ота-оналари пул маблағлари вақтинчалик йўқлиги сабабли, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим мактаби маъмуриятига мурожаат қилиши мумкин. Бунда ижара тўлови муддати умумтаълим мактаби васийлик кенгаши қарори ва директор буйруғи билан узайтирилади. Ижара тўлови муддати узайтирилган тақдирда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 30 сентябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

Нақдми ёки нақдсиз?

Дарсликлар тўплами учун ижара тўловлари умумтаълим мактабининг шахсий ғазна ҳисобварағига нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланади.

Дарсликларни ўқувчиларга берилиш муддати қачонгача?

Дарсликлардан ижара асосида фойдаланадиган ўқувчиларга шартномага асосан ижара тўлови тўлангандан, ижара тўловини тўлаш муддати узайтирилган ҳолларда, унинг ярми тўлангандан кейин. Бунда ижара тўлови тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхасининг умумтаълим мактабининг кутубхоначисига тақдим этилиши дарсликлар тўпламини бериш учун асос бўлади;

дарсликлардан бепул фойдаланадиган ўқувчиларга тегишли шартнома тузилган ҳолда 10 сентябргача берилади.

Йўл қўйилмайди!

Дарсликларни тўлиқсиз тўпламда ижарага беришга йўл қўйилмайди.

Ўқувчи бошқа мактабга ўтган тақдирда

Ўқувчини бошқа умумтаълим мактабига ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган тақдирда, унга ижара асосида фойдаланиш учун берилган дарсликлар уч кун ичида умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасига тўлиқ тўпламда қайтарилиши лозим. Бунда тўланган ижара тўлови қайтарилмайди ва ўқувчига умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан дарсликлар тўпламидан фойдаланиш учун ижара тўлови тўланганлиги тўғрисида маълумотнома ва тегишли тўлов ҳужжатининг нусхаси берилади. Ўқувчи уни қабул қилган умумтаълим мактаби томонидан мазкур маълумотнома ва тўлов ҳужжатининг нусхаси асосида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.

Дарслик яроқсиз ҳолга келса...

Дарсликлар ёки ўқув-методик қўлланмалардан фойдаланиш усулидан қатъи назар, улар йўқолган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган тақдирда, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд ҳомийлар ёки ўқитувчилар зарарни худди шундай дарслик ёки ўқув-методик қўлланмалар билан қоплайди ёхуд унинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини тўлайди.

Тўлов қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

Биринчи синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув-методик қўлланмалари учун — унинг бир баравари миқдорида;

2 — 4 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув-методик қўлланмалари
учун — унинг икки баравари миқдорида;

5 — 9 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув-методик қўлланмалари
учун — унинг тўрт баравари миқдорида.

Маълумот учун

Мактабларда ижара тизими билан боғлиқ қуйидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт:

  • дарсликлар тўпламларини фойдаланишга бериш ва ижара тўловини тўлаш тартиби;
  • дарсликлар тўпламларидан фойдаланиш шартлари ва муддатлари;
  • жорий ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган ижара тўловлари миқдорлари;
  • дарсликлар йўқолган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келтирилган тақдирда, зарарни қоплаш тартиби.

 

    Бошқа янгиликлар