Хабарингиз бор, газетамизнинг ўтган сонларининг бирида актриса Шаҳзода Муҳаммедова обрўйини тўкканликда айблаб, “Шок.уз” сайти ходимларини судга берганлиги ҳақида мақола чоп этилган эди.
Шундан сўнг сайт ходимлари ҳам таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик киритмоқчи эканликларини билдиришди. Эслатиб ўтамиз, сайт ходими Ойбек ушбу мақолани умуман актрисага тегишли эмаслигини ўтган сондаги мақолада ҳам таъкидлаб ўтганди.
Ойбек (сайт ходими): — Яна бир бор айтаман, сайтдаги аноним мақоланинг Шаҳзода Муҳаммедовага ҳеч қандай дахли йўқ. Актриса негадир бу мақолани ўзига тегишли дея ҳисоблаб, мақолани сайтдан ўчириб ташлашимизни пўписа билан талаб қилди. Энг ёмони, актриса бизни тилга олиб бўлмайдиган гаплар билан ҳақоратлади. Мана, ишонмасангиз эшитиб кўринг.
Ойбек Шаҳзода Муҳаммедованинг сайт ходимларига ёзиб жўнатган СМС хабарлари, аудиоёзувларни тақдим этди. СМСни ўқиб, аудиоёзувни эшитиб ҳайратдан ёқа ушладик. Наҳотки, шу биз билган Шаҳзода Муҳаммедова бўлса?
Бу сайтга можарога сабаб бўладиган мақолани ёзиш нега керак бўлдийкин?
Лазиза (сайт ходими):
— Бизнинг сайтимизда санъаткорлар билан боғлиқ турли мазмундаги лойиҳалар, мақолалар ёритилади. Сайтдаги можароли аноним мақола бошқа бир санъаткор аёл ҳаётигага тегишли эди. Мақола ўз оиласини сақлаб қолишга уринаётган аёлнинг илтимосига кўра ёзилган эди. Шаҳзоданинг ўзи биринчи бўлиб бизга қўнғироқ қилиб, “мақолани олиб ташланг, бўлмаса фалончига айтаман, сизларга кўрсатиб қўяди”, дея бизни ҳақоратлай кетди. Йўқ айбимиз учун бизни судга бергани эса ҳаммасидан ошиб тушди!
Суҳбат якунида шу маълум бўлдики, аввалига актриса сайтни судга берган бўлса, энди асоссиз ҳақорат ва туҳмат учун сайт ходимлари Шаҳзода Муҳаммедовани судга беришибди. Кўрамиз, бу можаронинг охири нима билан тугаркин? Бу ҳақда батафсил маълумотларни газетамизда суднинг якуний хулосасидан сўнг ўқийсиз!





