АсосийJamiyat

Умумхалқ хайрия ҳашарида 17,5 миллиондан зиёд киши қатнашди

Мамлакатимизда 22-23 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 17,5 миллиондан зиёд киши иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 12 августдаги фармойишига мувофиқ мамлакатимизда эълон қилинган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари барча туман ва шаҳарлар, қишлоқ ва маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим масканларида уюшқоқлик билан ўтказилди. 
Мазкур хайрия ҳашаридан кўзланган мақсад Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, беғараз ёрдам каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар, турар жойларни ободонлаштириш, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишдир. 
Ҳашар кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўттиз саккиз минг гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилди. Аҳоли турар жойлари, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Дарахтлар буталиб, оқланди. Йигирма беш минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар, лотоклар тозаланди. Махсус ажратилган транспортларда чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Ҳашардан тушган маблағлар «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳисобрақамига ўтказилади. Бу маблағлар маҳаллаларни ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларига кўмак бериш, кексалар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш ҳамда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади. 

    Бошқа янгиликлар