АсосийJamiyat

АЁҚШларда бензинга кузатилаётган навбатларнинг сабаби ойдинлашди

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензинга узоқ навбатлар кузатилаётгани, баъзи вақтларда эса бензин йўқлиги каби ҳолатлар  юзага келяпти, бунинг устига яқинда бензин нархи ошармиш деган “миш-миш”лар ҳам юрипти. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз?

Д.Жуманазаров, Тошкент ш.

«O’ZNEFTMAHSULOT» акциядорлик компанияси ушбу масала юзасидан ҳамюртларимизга қуйидагича баёнонт берди ва кўнглини ҳотиржам қилди:

ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ!         

Айни кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларидаги, шунингдек пойтахтдаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) автобензинга навбатлар кузатилмоқда.

Мазкур ҳолат қуйида санаб ўтиладиган «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган омиллар натижаси ўлароқ юзага келмоқда.

·         Биринчидан, - “автобензиннинг нархи ошар экан”, – деган шов-шув хабарнинг тарқалгани. Шу муносабат билан, яна қайта таъкидлаймизки, яқин келажакда автобензин нархининг оширилиши кутилмаяпти.

·         Иккинчидан, айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида - “байрам арафасида АЁҚШларда автобензин бўлмас экан”, – деган шов-шув гапнинг тарқатилаётгани. Бу хусусда «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, байрам арафасида ва ундан кейин ҳам ёнилғи ишлаб чиқаришни мумкин қадар кўпайтириш ҳисобидан АЁҚШларга нафақат режалаштирилган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш мўлжалланмоқда.

·         Учинчидан, шуни таъкидлаш лозимки, юқорида баён этилган шов-шувларга учган автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқда харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, айрим автомобиль эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишган. Бундан ташқари, чайқовчилик мақсадида АЁҚШларда автобензинни автомобиль бакини лиқ тўлдириб олиб, яқин-атрофда канистрларга бўшатиш ва яна автобензин олишга қайтиш ҳолатлари кўпайиб қолди. Ўрни келганда шуни алоҳида қайд этиш керакки, хавфли ёнилғи маҳсулотларининг махсус мослаштирилмаган жойларда сақланиши кўнгилсиз натижаларга  олиб келиши мумкин.

·         Тўртинчидан, статистик маълумотлардан кўриниб турганидек бунга автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқдаки, мазкур ҳолат, ўз навбатида, автобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келмоқда, шубҳасиз.

БАРЧА ЗАРУР ЧОРАЛАР КЎРИЛМОҚДА

«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан четдан қўшимча миқдорда углеводород хомашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрмоқда. 

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, компания аҳолидан турли шов-шувларга ишонмасликни ва хавотирга берилмасликни сўраб қолади.

Лайло РУСТАМОВА тайёрлади 
 

 

    Бошқа янгиликлар