АсосийJamiyat

Савдо-саноат палатаси 6 ойда чет эл капитали иштирокида 34 қўшма корхона ташкил этишга ёрдам берди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси марказий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярми якунлари кўриб чиқилди ва истиқболдаги вазифалар белгиланди.

2015 йилнинг биринчи ярмида Савдо-саноат палатаси чет эл капитали иштирокида 34 қўшма корхонани ташкил этишга ёрдам берди. Ташкил этилган корхоналар устав фондининг умумий ҳажми 8,25 миллион долларга етди. Таъкидлаш жоизки, янги корхоналарнинг аксарияти халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилмоқда, дея хабар беради ЎзА.

Ишлаб чиқариш объектлари асбоб-ускуналарини модернизация қилиш ва янгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ҳисобот даврида 84 корхонага чет элга амалий сафарлар ташкил этиш, халқаро кўргазма ва бизнес учрашувларда иштирок этишда ёрдам кўрсатилди. Бунинг самарасида умумий қиймати 22 миллион доллардан ортиқ бўлган мини-технология ва асбоб-ускуналар харид қилинди.

Савдо-саноат палатасининг чет элдаги ваколатхоналари тадбиркорларимизнинг хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари билан алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур ваколатхоналар мамлакатимиз савдо-иқтисодий салоҳияти хусусида хабардор қилиш, шунингдек, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш бозорини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Жорий йил бошидан буён мамлакатимиз тадбиркорлари Савдо-саноат палатаси кўмагида хорижий давлатларда бўлиб ўтган 38 кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этди. Ушбу тадбирлар якунига кўра, 30 дан зиёд келишув имзоланди. Бундан ташқари, мамлакатимизда ўтказилган 100 кўргазмада 720 келишув ва шартнома имзоланди. Тадбирлар якуни бўйича 18,7 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ролини ошириш учун янада қулай шароитлар яратишга кўмаклашиш, тадбиркорлик йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф қилиш, кредит ва молия механизмларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илғор хорижий тажриба инобатга олинган ҳолда, тадбиркорларни ўқитиш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг олдида турган долзарб вазифалардир.

 

    Бошқа янгиликлар