“Ўтган ойнинг ўрталарида миллий ва хорижий электрон оммавий ахборот воситаларида GM Uzbekistan қўшма корхонаси 1 августдан эътиборан бир ой муддатга ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида маълумотлар тарқалганди. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин? Шу ҳақда батафсил маълумот беринг. Наҳотки юртимиздаги шундай муҳим қўшма корхона фаолиятини тугатган бўлса?”
У.Исмоилов, Тошкент ш.
Дарҳақиқат, Андижон вилояти Асака туманида жойлашган “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти қўшма корхонаси иқтисодиётимизнинг асосий йирик корхоналаридан бири деб эътироф этилади. Ҳақиқатан ҳам мазкур қўшма корхонанинг жорий йил август ойидан бошлаб бир ой муддатга ўз ишини тўхтатиши ҳақида маълумотлар баъзи маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилди. Мазкур хабар Россиянинг «РИА-Новости» агентлиги хабарига таяниб берилганди.
Ушбу хабарларда ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши режали асосда автомобиль заводидаги профилактика ишлари билан боғлиқлиги маълум қилинганди. Мазкур хабар “Ўзавтосаноат” корхонасининг исми сир тутилган вакили маълумотига асосланган ҳолда тарқатилган.
Маълумотларда қўшма корхона фаолияти тўхтатилишига компаниянинг асосий экспорт бозори ҳисобланмиш Россияда машиналарга бўлган талабнинг пасайиши сабаб қилиб кўрсатилганди. Шахсини сир тутган соҳа вакилининг гапига таяниб ушбу асоссиз маълумотни хориж нашрлари тугул, ҳатто ўзимизникилар ҳам байроқ қилиб югургани ачинарли. Гўё “Ўзавтосаноат” АК Марсда жойлашгандек. Ваҳоланки бугунги технологиянинг «қўли» Марсга ҳам етади.
“ЎЗАВТОСАНОАТ” МАСАЛАГА ОЙДИНЛИК КИРИТИЛДИ
“Охирги пайтларда интернет тармоқларида баъзи маҳаллий ОАВ томонидан, профессионал журналистика этикасини бузган ҳолда, Ўзавтосаноат АК тизимидаги корхоналар фаолияти ва уларда бўлиб ўтаётган воқеалар, айниқса, “General Motors O‘zbekiston” АЖ тўғрисида мавжуд бўлмаган манбалардан далиллар келтирган ҳолда, нотўғри маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур оммавий ахборот воситалари ушбу ҳаракатлари билан “Ўзавтосаноат” АК ва тизимдаги корхоналарнинг нафақат нуфузига зарар келтирмоқда, балки номаълум шахсларнинг виждонсиз манфаатлари фойдасига истеъмолчиларни чалғитмоқдалар.
ОАВларда нотўғри маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш ва истеъмолчиларни, бундай маълумотларни тарқатаётган номаълум шахсларнинг виждонсиз ҳамда ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоялаш мақсадида, барча ахборот сайтларидан, газеталар ва бошқа ОАВдан, “Ўзавтосаноат” АК ва компания тизимидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни босиб чиқараётганда ёки бошқа сайтлардан кўчириб олиб қайта нашр қилаётганда, “Ўзавтосаноат” АКнинг ахборот хизмати билан маслаҳатлашган ҳолда маълумотларнинг тўғрилигини диққат билан текширишингизни сўраймиз.”
“ЎЗАВТОСАНОАТ” ҲАМКОРЛИККА ТАЙЁР
“Ўзавтосаноат” АК ва тармоқ корхоналари фаолияти тўғрисидаги барча аниқ ва тўғри маълумотларни “Ўзавтосаноат” АКнинг ахборот хизмати ёки расмий сайти www.uzavtosanoat.uz ва www.chevrolet.uz орқали олишингиз мумкин.
“Ўзавтосаноат” АК ва тизимдаги корхоналар маҳаллий ОАВлар учун ҳар доим очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга тайёр.
КОЛОНКА
“GM UZBEKISTAN” 19 ЁШДА
Жорий йилда Асака автомобил заводи ташкил этилганига 19 йил тўлади.
Завод фаолиятининг биринчи йилида 25 минг 300 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, кейинги йили бу кўрсаткич 64 мингдан ошди.
2010 йил давомида 217 минг 733 дона автомобил заводнинг юртимиздаги ва хорижий мамлакатлардаги расмий дилерлик корхоналари орқали ўз эгаларига етказилган бўлса, 2011 йилда 222 мингта автомобил ишлаб чиқарилган.
2012 йилда эса бу кўрсаткич 236,2 минг донани ташкил этган.
2013 йилда жами 246,6 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 157,7 мингга яқини мамлакатимиз ички бозоридаги харидорларга етказиб берилган бўлса, қолган 90,8 мингтага яқин автомобил хорижга экспорт қилинган.
Ўтган 2014 йилда эса 245,6 минг дона автомобил ишлаб чиқарилиб, шундан 55,2 мингтаси хорижга экспорт қилинган.
Жорий 2015 йилнинг биринчи ярмида “GM Uzbekistan” автомобил заводида ишлаб чиқарилган автомобиллар сони 119 минг 412 донани ташкил этди.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Жаҳондаги манаман деган автомобиль концерни ва компаниялари молиявий-иқтисодий инқироз туфайли ишлаб чиқаришни кескин камайтираётган бир пайтда, Ушбу корхонада ишлаб чиыариш суръатлари тобора ошиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта.
Шу ўринда яна бир гап: бугун юртимизда давлат бошқаруви органлари очиқлигини таъминловчи бир қанча меъёрий ҳужжатлар амалга татбиқ этилган. Шундай экан, исм-шарифи сир тутилган шахсларнинг маълумотларига таяниб эмас, ваколатли органларнинг масъул вакилларидан олинган ахборотларни омма эътиборига ҳавола этиш мақсадга мувофиқ.





