АсосийJamiyat

631 минг нафар 1-синф ўқувчиларига 12 номдаги ўқув қуролидан иборат “Президент совғаси” топширилади

2015-2016 ўқув йилида республикадаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 631 минг нафар ўқувчиларнинг келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун янги ўқув йилига тайёргарлик ишларининг бориши ва мактаб ярмаркаларининг ташкил этилишига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Мазкур болажонларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” тайёрланиб, умумтаълим мактабларига етказилди. Ушбу совғалар “Билимлар куни” тадбирларида ўқувчиларга тантанали равишда топширилади.

Янги ўқув йилида ўқувчиларни дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, янги ўқув йили учун 454 номдаги 25,7  млн. нусха дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни чоп этилиб, жойларга етказилди.

Шу билан бирга жорий йилда 1-синфларга қабул қилинадиган ўқувчилар учун жами 641,3 минг нусха чет тили дарсликлари, 2-синфларга 591,9 минг нусха дарслик ва машқ дафтарлари ҳамда 3-синфлар учун 593 минг нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун жами 62,6 минг нусха методик қўлланма ва мультимедиа иловалари чоп этилиб, мактабларга етказилди. Бугунги кунда муаллифлар гуруҳи томонидан 4-синф чет тили дарсликлари яратилмоқда.

    Бошқа янгиликлар