ISUZU Motors президенти Сусуму Хосои бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Самарқандда жойлашган Самарқанд Автомобил Заводига ҳам ташриф буюрди. Делегация вакиллари сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи илк автобуснинг тантанали тақдимотида иштирок этдилар.
CNG двигателли автомобилларнинг иқтисодий тежамкорлиги ва экологик хафвсизлиги ушбу турдаги маҳсулотга бўлган эхтиёжнинг юқори бўлишига умид билдирилмоқда. Бу эса ISUZU Motors кўмаги билан Ўзбекистонда CNG двигателли йўловчи автобусини ишлаб чиқариш ҳақидаги қарорнинг қабул қилинишига туртки бўлди. Бугунги кунга қадар дизел двигателли автобусларнинг каттагина қисми газ ёки газодизель двигателларига алмаштирилган. Бироқ бошқа корхоналар томонидан қайта жиҳозланган автомобилларга нисбатан “СамАвто” МЧЖ дилерлик марказлари томонидан кафолат ҳизмати кўрсатилмаслиги маълум қилинган.
Тақдим этилган тажрибадаги автобус намунаси япониялик меҳмонлар томонидан олқишлар ва ижобий фикрлар билан қарши олинди. Евро-4 стандартига мос CNG двигателли автобуслар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган йўловчи транспорти сифатини янада юқори поғоналарга олиб чиқиш имконини беради.
Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига кўра, 2011 йилда ISUZU ва Самарқанд Автомобил Заводининг қўшма лойиҳаси асосида CNG двигателида ҳаракатланувчи тижорат автомобилларининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган эди. 2013 йилда эса газда ҳаракатланувчи юк машиналарини ишлаб чиқариш бошланди, 2014 йилда эса завод CNG двигателида ҳаракатланувчи маҳсус автомобилларни ишлаб чиқаришга буюртма олди.
«СамАвто» МЧЖ ва ISUZU Motors ҳамкорлигининг самарадорлигини нафақат янгиланган автобуслар ва юк машиналари парки, балки Самарқанд заводининг йилдан йилга ўсиб бораётган ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг маҳсулотларига бўлган талабнинг барқарорлиги ҳам тасдиқламоқда. Бу каби ютуқларнинг ёрқин мисоли сифатида ушбу йилнинг феврал ойида заводда ишлаб чиқарилган 20 000чи юбилейли автомобилнинг тақдимотини ёдга олиш мумкин.
Делегациянинг Самарқандга ташрифи арафасида 29 июл куни Тошкентда имзоланган келишувга кўра “Самарқанд Автомобил Заводи” МЧЖ таъсисчилари сафига Япониянинг ISUZU Motors Ltd автомобилсозлик компанияси ҳам кирди.





