«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида ўзбек халқининг кексаларни эъзозлаш бўйича кўп асрлик қадриятлари ва анъаналарини акс эттирадиган тўлиқ метражли бадиий фильм яратиш, шу билан бирга, мазкур ҳайрли ишни давом эттирган ҳолда ҳар йили бош қаҳрамонлари кексалар бўлган камида битта бадиий фильм ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига мувофиқ «Санъат-маъно» киностудиясида тасвирга олинаётган комедия жанридаги «Баракасини берсин» бадиий фильмини ишлаб чиқариш жараёни якуний босқичга кирди, дея хабар беради "Ўзбеккино" МА.
Фарҳод Худойбердиев режиссёрлик қилаётган мазкур фильмда ўзбек халқига хос бўлган ҳалоллик, бағрикенглик, кексаларни ҳурмат ва иззат қилиш, ардоқлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибалари асосидаги насиҳатларига қулоқ тутиш, дуои фотиҳаларини олиш каби эзгу фазилатлар ҳамда тарихий қадриятларимиз ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильмда Эркин Комилов, Фарҳод Абдуллаев, Толиб Мўминов, Ражаб Адашев, Мамасоли Юсупов, Жамила Ғофурова, Илмира Раҳимжонова каби таниқли ва ёш актёр-актрисалар суратга тушди. Ҳозирги вақтда фильмнинг монтаж ишлари якунига етиб, овозлаштириш жараёни давом этмоқда. Картина тақдимоти 2015 йилнинг куз фаслида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, айни вақтда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан тасвирга олинаётган фильмлардан «Дадил бўл, Камолиддин!»(режиссёр Элёр Ҳошимов) картинаси сўнгги босқичга кирган бўлса, «Устюртга йўл» (режиссёр Абдувоҳид Ғаниев), «Ажал жодуси» (режиссёр Ҳилол Насимов),«Ойқиз эртаги» (режиссёр Акбар Бектурдиев) бадиий фильмларини тасвирга олиш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, режиссёр Рустам Саъдиев томонидан гиёҳванд моддалар савдосининг зарари ҳақида«Лолақизғалдоқ», режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан инсон руҳий кечинмалари ҳақида «Кузнинг бир куни», режиссёр Собир Назармуҳамедов томонидан, «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида, сафарга отланган уч дўстнинг фалсафий мушоҳадалари ҳақида «Толиққан кўнгиллар ойга талпинар» номли картиналар ҳам ишлаб чиқаришга туширилди.
Ўз навбатида, «Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури»нинг 84-банди ижроси бўйича ёшларнинг ақидапараст оқим ва секталикка асосланган турли ноқонуний ва ноанъанавий миссионерлик жамоалари таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган «Сўнгги пушаймон» номли бадиий фильмни яратиш ишлари Нозим Жумаев режиссёрлигида 2015 йилнинг июнь ойидан бошлаб юборилди.





