Ҳадемай, кўз очиб юмгунча куз-иш мавсуми ҳам етиб келади. Таҳририятимизга республикамизнинг турли ҳудудларидан келаётган мавсумда газ таъминотидаги ўзгаришлар борасида талай мурожаатлар бўляпти. Биргина 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида фуқаролардан турли масалалар юзасидан таҳририятимизга бўлган қарийб 1000 та ёзма мурожаатнинг 65 таси айнан шу мавзуда. Ана шу боис ҳудудлардаги газ таъминоти масаласининг жорий йилнинг куз-қиш мавсумига таёргарлиги юзасидан “Ўзтрансгаз” АК матбуот хизмати ходими Азамат Тўраевдан маълумот олдик. Хўш, бу борада эътиборга олинган жиҳатлар ва режалар нималарда иборат?
КАМЧИЛИКЛАР ЎРГАНИЛДИ, МАҚСАДЛАР БЕЛГИЛАНДИ
- Аҳоли тарқоқ истиқомат қиладиган, табиий газ етиб бориши қийин бўлган тоғли ва чекка қишлоқ ҳудудларига суюлтирилган газ етказиб беришда ҳам узлуксиз таъминот даражасига эришилмоқда. Аммо шунга қарамай, “Ўзтрансгаз” АК фаолиятига танқидий ёндашилиб, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда учраган баъзи камчиликлар ўрганиб чиқилди. Камчиликларни такрорламаслик, суюлтирилган газга эҳтиёжманд ҳудудларни узлуксиз қатъий тартибда муайян муддатларда таъминлашни белгилаш мақсадида 2012 йил 21 декабрда “Ўзтрансгаз” АКнинг 848-сонли ички буйруғи талабига кўра, ҳар йили 1 июль ҳолатига барча туманларда суюлтирилган газдан фойдаланадиган хонадонлар ва улардаги мавжуд жиҳозлари сони қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда хатловдан ўтказилиши ҳамда жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланадиган бўлди. Шунингдек, аҳолига ажратилган суюлтирилган газ ҳажмалари бўйича тегишли корхоналар билан белгиланган тартибда шартномалар тузиб борилиши таъминлаши ва газ тўлдириш станцияларига махсус автотранспорт воситалари ҳамда темир йўл цистерналарида ташиш ишлари ташкил этилиши шартлиги белгиланган.
ЖОРИЙ ЙИЛДАГИ ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
- Жорий йилнинг якунига бориб режа бўйича 2 348 393 та хонадонга суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Аҳоли сони ортиб бориши билан суюлтирилган газ етказиб бериш жараёни ҳам кенгайиб бораверади. Бу эса олиб борилаётган ишлар миқдорини кенгайтириш учун янги режалар асосида иш олиб боришни талаб этмоқда. Шунинг учун ҳам “Ўзтрансгаз” АК томонидан мавзуга боғлиқ режа тузилиб, республика миқёсида яна 14 та маиший газ баллонларга суюлтирилган газ тўлдириш пунктлари, аҳолига яқин ҳудудларда 12 та суюлтирилган газ тарқатиш сервис марказлари қурилиб ишга туширилади. MAN русумли тиркама автотранспортлари сони 43 тага, ISUZUлар эса 63 тага кўпайтирилади ва уларнинг барчаси “GPS” — навигатор билан жиҳозланади. Уларнинг график жадвал асосида ҳаракатланиши интернет тармоғи орқали мониторинг асосида назорат қилинади. Маиший газ баллонлари кўпайтирилиши натижасида 600 000 донадан оширилади. Шу билан биргаликда заводлардан суюлтирилган газни темир йўлда ташиб чиқариш ва ўз вақтида газ тўлдириш пунктларига етказиб бериш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан қўшимча яна 52 та вагон цистерналари ижарага олинади.
СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ УЧУН ШАРТНОМА ҚАНДАЙ ТУЗИЛАДИ?
- Суюлтирилган газга эҳтиёжманд аҳоли айни шу ҳолат юзасидан туман газ идораси билан шартнома имзолаши керак. Шартнома имзолаш учун эса аввало туман газ идорасига ариза билан мурожаат қилинади. Аризага эса қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши шарт:
- Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан маълумотнома;
- СТИР (ИНН) — солиқ тўловчининг идентификацион рақами ҳақидаги маълумотноманинг нусхаси;
- Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасининг нусхаси;
- Паспорт нусхаси.
ОН-ЛАЙН БУЮРТМА БЕРИШ
- Республикамизда айнан суюлтирилган газга буюртма бериш учун L-gaz номли махсус дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасида эса Сall-марказлари ишга тушириш йўлга қўйилган. Бу хизматдан суюлтирилган газ таъминотига эҳтиёжманд аҳоли шартнома имзолангач, фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу он-лайн хизмат орқали айнан суюлтирилган газ таъминоти борасидаги истеъмолчиларнинг мурожаатлари қабул қилинади.
Ҳозирча Хоразм вилоятида 1061 Сall-маркази фаолият олиб бормоқда. 5 нафар оператор мазкур марказда айнан суюлтирилган газ таъминоти бўйича вилоят аҳолисининг ҳар қандай мурожаатини қабул қилмоқда. Истеъмолчи эса операторга бор-йўғи абонент рақамини айтади, холос. Унинг мурожаати қабул қилинади ва ўрганилади. Марказлашган маълумотлар базасида истеъмолчининг яшаш ҳудуди, исм-шарифи ва у ҳақидаги бошқа маълумотлар айнан ана шу абонент рақами орқали киритилган. Келгусида эса бу имконият республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилиши режалаштирилган.
ЯНА БИР МУҲИМ ЯНГИЛИК
Яқин келажакда суюлтирилган газга эҳтиёжманд аҳоли интернет тармоғи орқали тўлдирилган маиший газ баллонларга исталган жойда туриб буюртма бериш имконияти яратилади.
- МАЪЛУМОТ УЧУН
Бугунги кунда республикамизда газлаштириш даражаси 90 фоизга етган. Республикамизнинг барча ҳудудларида 13 605 834 та уй-жой, 80 912 та улгуржи истеъмолчи, яъни 4 964 та саноат корхонаси, 17 833 та маиший ва ижтимоий объект ҳамда 58 115 та якка тартибдаги тадбиркорга газ етказиб берилмоқда.
- Мавзуга оид
“ТАБИИЙ ГАЗ ТАЪМИНОТИГА УМИД БОРМИ?”
Биз яшаётган ҳудудда табиий газ тақчиллиги кузатилади. Шунинг учун кўпчилик суюлтирилган газдан фойдаланади. Авваллари газ баллони ишлатсак ҳам газолин ажралмасди. Ҳозирда эса бунинг акси бўляпти. Сўрамоқчи бўлганим эса: яқин йилларда табиий газдан фойдаланиш имконияти бўладими?
Каримжон Мадазимов, Фарғона вилояти
Содда ҚФЙ Сўфилар маҳалласи
ГАЗ БАЛЛОННИ ХУСУСИЙ АЁҚШЛАРДА ТЎЛДИРМАНГ!
Муродилла Бошманов, “Ўзтрансгаз” АК бошқарув раиси ўринбосари
- Мурожаатчи фуқаронинг хонадони табиий газ билан газлаштирилган бўлиб, “Тошлоқтуманган” филиали билан шартнома тузилмаган. Фуқаро қиш мавсумида табиий газ босими пасайган пайтларда мавжуд қоидаларга зид равишда хусусий автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасидан ўзининг шахсий 10 кг. маиший газ баллонига суюлтирилган газ тўлдириб фойдаланиш ҳолатида газ баллонида гаолин (газ қолдиғи) қолаётганини маълум қилган. Ҳозирги кунда эса хонадон табиий газ билан меъёрда таъминланаётганлиги боис таъминот бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.
ТАҲРИРИЯТ: ваколатли орган томонидан суюлтирилган газ таъминотига эҳтиёжманд истеъмолчилар фақатгина амалдаги тартибларга риоя қилиниши тавсия этилмоқда. Агар истеъмолчи фарғоналик муштарий каби газолин муаммосига дуч келишни истамаса, газ баллонларни хусусий АЁҚШларда тўлдирмасдан, тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилиб, шартнома тузган ҳолда кафолатли хизматдан фойдаланиши мақсадга мувофиқ.
СОВУҚҚОН НАЗОРАТЧИГА ЧОРА КЎРИЛДИ
Ёки ҳисоб-китоб машмашаси
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Соҳилобод маҳалласи Раимқулов кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Дилбар Жўраеванинг газ истеъмоли учун амалга оширган тўловлари борасида қилган мурожаати ҳам “Ўзтрансгаз” АК мутасаддилари томонидан ўрганилди.
“Ўзтрансгаз” АК бошқарув раиси ўринбосари Муродилла Бошманов имзоси билан олинган маълумотда қайд этилишича, фуқаронинг “Фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китобга аниқлик киритиш” масаласида ёзган мурожаати “Водийгазтаъминот” УК Наманган вилояти газ таъминоти бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди.
Натижага кўра эса хонадоннинг фойдаланилган табиий газдан 230 000 сўм қарздорлиги ушбу ҳудуд назоратчиси Б.Давлатовнинг ўз ишига совуққонлик билан қараганлиги сабабли келиб чиққан. Асоссиз равишда қарздорлик келтириб чиқарганлиги учун Б.Давлатовдан 230 000 сўм амалдаги тартиблар доирасида ундирилди. Шунингдек, 2015 йилнинг 12 июн ҳолатига истеъмолчини табиий газдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги маълум қилинди.
Барно Мадалиева





