Пойтахтимизнинг Қоратош мавзесида маиший техника маҳсулотлари билан савдо қилувчи "MEDIA PARK" комплекси иш бошлади.
Журналист Қамариддин Шайхов ушбу мажмуа ҳақида ўзининг Instagram'даги шундай деб ёзади: “Мазкур дўконни айланар эканман, техника маҳсулотлари орасида китоблар учун алоҳида раста ажратилгани эътиборимни тортди. Бугун китоб учун бир қарич жойни "исроф" қилишдан қочадиган савдо мажмуалари камми, ахир. "MEDIA PARK" комплексида ўзбек, жаҳон, болалар адабиёти ўрин олган китоблар растаси янги комплексни маънавият нури билан чароғон этиб турибди десак муболағага йўйманг. Минг афсус унинг атрофи унчалик гавжум эмас. Муҳими "MEDIA PARK" маъмурияти бугунги тараққий этган техника асрида китоблар инсон руҳий оламини озиқлантирувчи, маънавиятини юксалтирувчи асосий восита эканини яна бир бор эслатишга уринишди ва албатта бунинг уддасидан чиқишда ҳам. Дарвоқе, очилиш маросими катта шоу тарзида бўлиб ўтди. Одамларнинг тирбандлигидан Қаротош атрофида ҳатто машиналар ҳаракатланиши бир неча соат тўхтаб қолди. Янги техника комплексида бугун сотувчилик вазифасини эстрада ва кино оламининг таниқли "юлдуз"лари бажаришди. Янги комплекс айни дамда ўз ишини бошлаган”, дея ёзади журналист.





