АсосийJamiyat

Амалдорни тузоққа туширган санъаткор

 “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг ҳудудий раҳбари 200 АҚШ доллари учун қора курсига ўтирди Руҳафзо (исми ўзгартирилган) санъатга кириб келганига ҳали унча бўлгани йўқ. Ҳали у даражада танилиб улгурмаган бўлса-да, ҳар қалай, қўшиқлари аҳён-аҳёнда радио ва телеканалларда айланиб турибди. Катта-кичик тадбирларда ҳам кўриниш берди. Бу ёқда тўй-ҳашам, халқ хизматлари дегандек... Бир пайтлар Руҳафзо санъаткорларга ҳавас-ла боқар, санъатнинг нони қанчалик қаттиқ бўлишини, бу оламнинг ҳам ўзига яраша қинғир-қийшиқ кўчалари борлигини кейинчалик англади. Ўтган йилнинг куз ойлари эди. Тўй-тантаналар билан юриб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан берилган лицензия муддати тугаганини ҳам сезмай қолди. Демак, янги лицензия олиш керак. Акс ҳолда жаримага тортилиши мумкин. Руҳафзо янги ҳужжатни олгунича орадан анча вақт ўтди. Руҳафзо шу мақсадда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг ҳудудий бўлимига йўл олди. Бўлим бошлиғи Тоживой Зокиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) уни алланечук сохта мулозамат билан кутиб олди. — Ие, ие хоним, бормилар? Кейинги пайтларда камнамо бўп қолдилар, тинчликми? Руҳафзо раҳбарнинг ўткир нигоҳи, тагдор сўзларидан хийла ўзини йўқотиб қўйди: — Шу... лицензия олмоқчи эдим. Муддати ўтиб кетибди. Зокиров хонанданинг ҳужжатларини кўздан кечириб, мийиғида кулимсиради. — Ие хоним, лицензиянгиз тугаганига анча бўп қопти-ку, юришингизни қаранг. Ўзи сизни яхшигина жарима қилиш керак экан-ку? — Мен лицензия тугаганидан кейин тўйга ҳам, тадбирга ҳам бормадим. — Шунақа денг, — ишончсизлик билан кулимсиради Зокиров. — Сиздек чиройли, хушовоз хонандаларимга хизмат қилсак қилибмиз-да. Фақат, сизам қараб турмассиз? — Хўп, мен нима қилишим керак? – сўради хонанда. Зокиров “бир дақиқа кутинг” дегандек кўрсаткич бармоғини кўрсатиб, хизмат телефонини кўтарди. — Яхшимисиз? Бир чиройли синглимизга лицензия керак бўп қолди. Фақат тезроқ. Шуни нима қилдик? Ҳа энди... харажатсиз иш битармиди? Келиштириб айтасиз-да!.. Тушунарли, бўпти. — Зокиров гўшакни қўйиб, яна хонандага тикилди. — Лицензия бўлими билан гаплашдим. Ўзи бунақа ишларнинг “ставка”си баландроқ. Сизга “уступка” қиляпмиз. Хуллас, иккита қоғоз билан ишингиз битди ҳисоб. Руҳафзо куппа-кундуз куни ундан пора талаб қилаётган амалдорга қараб ич-ичидан нафрати тўлиб тошса-да, сир бой бермади. — Шу холосми? — деди сиполик билан. — Агар кўнглингиз тўлмаётган бўлса, бирорта зиёфатга ҳам йўқ демаймиз, — айёрона жилмайди Зокиров. ...Руҳафзо ташкилот биносидан чиқиб бораркан, ҳамон ўзини қўлга ололмасди. Ахир бу бориб турган қароқчилик эмасми? Унга бу курсини нима учун бериб қўйишган? Зиммасидаги масъулиятни холисона адо этиш учунми ё тамагирлик билан чўнтак қаппайтириш учунми? Йўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди. Бунақа кимсаларнинг жойи бу ерда эмас. Бунақаларнинг кўзини очиб қўйиш керак. Орадан икки-уч кун ўтиб, Руҳафзо яна “Ўзбекнаво”нинг ҳудудий бўлими биносига келди. Уни Зокиров ўз хонасидан умидворлик билан кутиб ўтирарди. — Келинг хоним, куттиришни ҳам боплар экансиз, — дея унга ўтиргани жой кўрсатди. — Қуруқ келмагандирсиз? Зокиров аёл узатган иккита кўкимтир қоғоз пулни ҳали кўйлагининг чўнтагига жойлашга улгурмаган ҳам эдики, эшик очилиб, фуқаролик кийимидаги тегишли идора ходимлари кириб келишди. — Ўртоқ Зокиров, сиз жиноят устида қўлга олиндингиз!... ...Зокиров ўзини ҳар ёққа уришдан фойда йўқлигини англаб, таслим бўла қолди. Суд барча материалларни атрофлича ўрганиб, Зокировни шартли жазога маҳкум этди. Тоживой Зокиров билан юз берган бу можаро унинг ўзига ҳам, у сингари айрим амалдорларга ҳам ибрат бўлса ажаб эмас. Соҳиб Ихтиёр, журналист Суд материаллари асосида тайёрланди.

    Бошқа янгиликлар