Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг топшириғига кўра, Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбирини ўтказди.
Бугун идораларо комиссия томонидан 1 тонна 400 килограмм гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 133,3 кило героин, 775 кг опий, 309 кило марихуанна, 93,2 кило гашиш, 84 кило кўкнори, кўплаб наша ўсимликлари, таблетка ва эритма шаклидаги гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди.
Республикамизда амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси аъзолари иштирокида йўқ қилинади. Йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари БМТ, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида ёқилади.
Айтиш жоизки, сўнгги 21 йилда Ўзбекистон томонидан 54 тонна гиёҳвандлик воситаси йўқ қилинди. 1994 йилнинг май ойида илк бор 14 тонна гиёҳвандлик воситаси ёқиш йўли билан йўқ қилинган эди.





