АсосийJamiyat

Ёш журналистлар учун медиа-тренинг ташкил этилди

 

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида ўтказилган медиа-тренингда ёш журналистлар фаол иштирок этди. 

Мазкур медиа-тренинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда. 
Медиа-тренингда “Юрт келажаги”, “Камалак юлдузлари” сингари кўрик-танловларда ғолиб деб топилган истеъдодли ёшлар, ҳаракат фаоллари, бошланғич ташкилот етакчилари, “Камолот” фаолиятини ёритишда ўз иқтидорини намоён этган 150 нафар ёш, ҳаваскор журналист иштирок этди. 
Иштирокчилар матбуот, радио, телевидение, интернет ҳамда матбуот хизмати гуруҳларига бўлиниб, “Интернет журналистикаси ва интервью олиш маҳорати”, “Публицистика жанрлари: янгиликлар тайёрлашнинг замонавий тамойиллари”, “Интернет ва фуқаролик журналистикаси: блоглар билан ишлаш технологияси”, “Репортаж жанри ҳақида асосий тушунчалар” мавзуларида маърузалар тинглади. 
Медиа-тренинг якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди. 

 

    Бошқа янгиликлар