Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” Қарор эълон қилди.
Қарорда 2015 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 18 июнь кунига тўғри келиши маълум қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Қарорда ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг табаррук қадамжолари ва зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилиши назарда тутилган.





