Жорий йилнинг 7 июнь куни Ислом Ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Иёд Амин Маданий бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан мамлакатимизга етиб келди, бу ҳақда Дин ишлари бўйича Қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугун 8 июнь куни делегация аъзолари Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш мақсадида “Ҳазрати имом” мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари А.Мансуров, Дин ишлари бўйича қўмита халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Д.Бобожонов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шокировлар кутиб олдилар.
А.Мансуров ҳурматли меҳмонларга Ҳазрати имом мажмуаси тарихи, ушбу ерда амалга оширилган кенг бунёдкорлик ишлари, мажмуада жойлашган Усмон мусхафи тарихи тўғрисида сўзлаб берди. Меҳмон мажмуани кўздан кечириб, бу ердаги қадимий ёдгорликлар ислом тарихида юксак баҳоланишини таъкидлаб, эсдалик китобига ўзидаги илиқ таасуротларни баён қилди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан меҳмон шарафига тушлик уюштирилди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовлар қатнашди.
Тушликдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.
Иёд Амин Маданий республикамизга ташрифидан ўта мамнун эканлигини, чуқур таассуротлар олганини изҳор этди ҳамда мамлакатимизга яна алоҳида келишини маълум қилди.





