АсосийSport

Шахмат бўйича Осиё чемпионатида ёш спортчиларимиз ғолиблар шоҳсупасига кўтарилди

Сингапурда шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ёш спортчиларимиз 2 та олтин, битта кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди. 

Нуфузли мусобақанинг етти ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳсларида ҳамюртимиз Муаттар Жўраева икки марта шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, дея хабар беради ЎзА. 

Иқтидорли спортчимиз стандарт шахмат бўйича тўққиз турдан иборат мусобақанинг биронтасида мағлубиятга учрамади ва 8 очко билан олтин медални қўлга киритди. У мусобақа давомида Шри-Ланка, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Филиппин шахматчилари устидан ғалаба қозониб, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапур вакиллари билан дуранг ўйнади. М.Жўраева блиц шахмат бўйича ўтказилган баҳсларда ҳам муносиб иштирок этиб, 8 очко билан биринчи ўринни эгаллади. 

Етти ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда қатнашган Оқжул Раҳматуллаев блиц шахмат бўйича беш очко билан кумуш, стандарт шахмат бўйича етти очко тўплаб, бронза медаль билан тақдирланди. 

Тўққиз ёшгача ўғил болалар ўртасида Олмос Раҳматуллаев блиц шахмат бўйича ўтказилган баҳсларда олти очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади. 

    Бошқа янгиликлар