АсосийJamiyat

Алиментдан қочган эр суд ҳукмидан қочолмади

Ўткирбек билан Рисолат (воқеадаги исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан ўн йил олдин орзу-ҳаваслар  билан, бир-бирларини севиб, турмуш қуришганди. Шундан сўнг бу оилада бирин-кетин фарзандлар туғилди. Айниқса биринчи фарзанди Ҳамид туғилганида Ўткирбек бутун дунёга "Мен ота бўлдим" деб жар солгиси келганди. Улар бахт оғушида эдилар. Қизи Мунаввара туғилганида ҳам улар жуда қувонишганди. Улар жуда бахтли эдилар.

Олахуржунни бўйнига илингач...

Ўткирбек кўпайшганидан сўнг рўзғор тебратишга қийналиб қолди. Ана шундан сўнг бу оилада келишмовчиликлар юзага келди. Рисолат қандай қилиб бўлса-да рўзғорни бутлашга ҳаракат қилар, турмуш ўртоғидан ҳам шуни талаб қиларди. Бу эса бироз тантиқ, эркатой бўлиб вояга етган Ўткирбекка ёқмасди.

—Дадаси, ялпайиб ўтиравермасдан тузукроқ иш топишнинг ҳаракатини қилсангиз-чи? Ошхонадаги озиқ-овқатларнинг хам таги кўринай деб қолди! —дея жиғибийрон бўлди бир куни Рисолат.

—Борини эплаб турсанг-чи! Тугаб колса меҳрибон қайнонамга хабар бер. Самарқанддан севимли қизи ва набиралари учун тўлиб-тошиб келади.

—Уялмайсизми, шундай дегани! Ахир бу уйнинг эркаги сиз-ку! Мен ҳеч қачон ота-онамдан озиқ-овқат сўрамайман.

—Бўлмаса ўзинг пул топ! Болаларга энага ёлла! —деди Ўткирбек.

                   “Насиҳатингизга зор эмасман!”

Рисолат у билан баҳслашиш бефойдалигини англагач гапирмай қуя қолди.  Уйдаги озиқ-овқат маҳсулотлари хам тугади. Аммо Ўткирбекнинг парвойи палак эди. Ноилож колган Рисолат онасидан ёрдам сўраб қўнғироқ қилди. Онаизор тезда қанот боғлаб Самарқанддан Тошкентга гўёки учиб келди. Куёвини ёнига ўткизиб насиҳат қилди.

—Менинг оиламга аралашманг! Насиҳатингизга зор эмасман, —дея қайнонасининг дилини оғритди куёв.

Қайнона тилини тишлади. Қизига сабр-тоқат тилаб, куёвига инсоф тилаб ортига қайтди. Ўткирбекка эса энди жанжаллашиш учун баҳона топилди. Қайнонасини оиласига  аралашганликда айблаб Рисолатга кун бермай қўйди.  Шундан сўнг бу уйда яшашнинг иложи бўлмагач, аёл икки боласини олиб Самарқандга — ота-онасининг уйига кетди. Турмуш ўртоғини бир йил кутди. Аммо ундан дарак бўлмади. Ҳаттоки телефон орқали бўлсада болаларидан ҳол-аҳвол сўрамади.

                                      Хотин эрни судга берди

Рисолат болаларини моддий томондан таъминлашга қийналди. Шунинг учун 2012 йилда алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улугбек туманлараро судига мурожаат қилди. Суд икки нафар фарзандининг таъминоти учун турмуш ўртоғининг ҳар ойдаги иш хақидан  алимент ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди. Суд ижро варақани Мирзо Улуғбек туман суд ижрочилар бўлимига юборди.

Суд ижрочилари томонидан 2012 йилнинг сентябрь ойи учун 100.000 сўм Ўткирбек томонидан алимент учун ундирилди. Шундан сўнг ғазаб отига минган ота турмуш ўртоғидан ўч олиш учун шу пайтгача уларга бир сўм пул ҳам жўнатмади, ҳолидан хабар ҳам олмади.

Рисолат эса моддий томондан қийналиб қолганлиги туфайли бир неча маротаба турмуш ўртоғидан алимент пулларини ундириб беришларини сураб суд ижрочилари бўлимига мурожаат қилди.

Ўткирбек эса алимент тўлаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган бўлсада, атайлабдан бирон-бир корхонада расмий равишда ишламасдан уч йил давомида, алимент тўлашдан бўйин товлаб келди.

                                      Тўққиз миллионлик алимент

Оила кодексининг 140-моддасига мувофиқ, агар алимент тўлаши лозим бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки даромадларни тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтдаги амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилиши кўрсатилган.

Ўткирбек дастлабки тергов жараёнида алимент учун 295.000 сўмгина тўлади. У ўзини оқлаш учун "устачилик қилиб зўрға рўзғор тебратаяпман" деди тергов жараёнида.

Суд судланувчи Ўткирбек Жасурбековдан жабрланувчи Рисолат Холбобоева фойдасига 9.124.442 сўм 80 тийин миқдорида алимент қарзини ундиришни лозим деб топди. Шунингдек, Ў.Жасурбековга Жиноят кодексининг 122-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат фойдасига ундирилган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Дада-Али ЗУФАРОВ,

Мирзо Улуғбек туман прокурори катта ёрдамчиси

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист  

    Бошқа янгиликлар