АсосийShou-biznes

Паризода Алишер Файзни чув туширди

19 майда 6 кунлик “Дилга яқин” номли концертига старт берган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер ФАЙЗ “Яна бизни учраштирди муҳаббат, Ёруғ юз-ла юзлаштирди муҳаббат. Дилга яқин дийдорлар қаршисида, Қўшиқ билан сўзлаштирди муҳаббат”, дея дилга яқин мухлисларига ҳозирлаган совғаларини бирин-кетин тақдим этди...

ШЕРДОР МАДРАСАСИ “ИСТИҚЛОЛ” САҲНАСИДА

Парда очилиши билан “Истиқлол” санъат саройи саҳнасида қад ростлаган Самарқанддаги Шердор мадрасаси дарвозалари очилиб, Алишер Файз пайдо бўлди. Қўлида шам тутган “Паризод” рақс ансамблининг раққосалари эса хонанданинг “Муҳаббат-ла” номли қўшиғига саҳналаштирилган ажойиб рақсни тақдим этишди. Залнинг икки томонига ўрнатилган катта экран эса орқа қатор ва “балкон”даги мухлислар учун янада қулайлик  яратди.

КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ ИЖОДИГА МУРОЖААТ

Алишер Файз “гўдак ҳам қоқила-қоқила юришни ўрганади. Шундай экан, қўшиқнинг хато-камчиликлари учун узр сўрайман”, дея Хоразм булбули Комилжон Отаниёзовнинг “На тилар” қўшиғига иккинчи ҳаёт бағишлади.

ФАЙЗ САҲНАДА ПАРИЗОДАНИНГ СИРИНИ ФОШ ЭТДИ

“Раққоса Паризоданинг асл исми Дилноза эканидан хабарингиз борми? Шундайлигига ишонмасангиз, ҳозир чақираман”, дея “Дилноз”ни саҳнага чорлаган хонанда гоҳ зебигардон, гоҳ гул ва тилла узук бериб, раққоса Паризодани ром этмоқчи бўлди. Бир қанча совғани рад этган Паризода узук тақиш илинжида турган хонандага қўл чўзди-ю, Файзни чув тушириб, саҳнани тарк этди. Мазкур саҳналаштирилган чиқиш хонанданинг актёрлик маҳоратини очиб берди. Ҳа айтганча, Паризоданинг жасоратига қойил қолмай илож йўқ. Ахир етти ойлик ҳомиласи билан саҳнада рақс тушишга ҳамма ҳам журъат этавермайди.

“ЕЛКАМГА МИН. ЗИЁРАТГА КЕТДИК ОНА!”

“Талабалик йилларим “ҳопиз  болам”  деб эркалатиб  узундан  узоқ  дуо  қиладиган бувимни машҳур  санъаткор  бўлганимда қўлларидан  тутиб  зиёратларга  олиб  боришни дилимга  тугиб  қўйгандим”, деди хонанда. Бироқ,  касби тақазоси билан ҳатто бувисини сўнгги йўлга кузатолмагани ҳақидаги таъсирли монологидан сўнг жонли ижродаги “Зиёратга” номли қўшиғини куйлаб, нафақат мухлисларн йиғлатди, балки ўзининг ҳам кўзлари ёшланди.

СЕРИАЛЛАР НИШОНГА ОЛИНДИ

Қизиқчи Ботир Имомхўжаевнинг Алишер Файз ҳақидаги ҳангомасидан сўнг сатанг хотин қиёфасида чиққан сўз устаси Маъмур Холмедовни мухлислар табассум билан қарши олди. Ўзини Изаура деб таништирган Маъмур Холмедов бўйдоқ томошабинни саҳнага олиб чиқиб, имправизация тарзида  рақс тушишди. Бу рақсни сўз билан тасвирлаб бўлмайди, кўриш керак холос. Қизиқчилар ТВларда қайта-қайта бериладиган сериалларни бирма-бир айтиб, коса тагида ним коса тарзида аския қилишди.

ФАКТ:

  • Концертда жами 23 та қўшиқ ижро этилди. Улардан 15 таси янги ижод маҳсули.
  • “Паризод”, “Жайрон” ва “Суворийлар” рақс ансабли ранго-ранг рақсларни туҳфа этишди.
  • Концерт режиссёри Лутфулла Аллақулов.
  • Хонанданинг либослар дизайнери Шаҳноза Қаюмбекова.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.

 

    Бошқа янгиликлар