Мамлакатимиз ҳудудида май ойининг сўнгги кунлари совуқ ва серёғингарчилик об-ҳаво ҳукмронлик қилди, мазкур ҳолат ҳақида маълумот олиш мақсадида “Даракчи” газетаси “Ўзгидрометмарказга” мурожаат қилди.
Марказ ахборот хизмати мухбиримизга қуйидагиларни маълум қилди:
“Ўзбекистон ҳудудларида 23-24 майда об-ҳавонинг совиши ва ёмғирлар ёғиши билан кузатилган беқарор характерли об-ҳаво бизнинг Ўрта Осиё иқлимимиз учун хос ҳодисадир. Бунинг учун ўтган йилнинг 30 май кунида ёғиб ўтган жала ёмғирни эслаб ўтиш етарлидир.
Май ойи учун, ҳаттоки унинг охирги ўн кунлиги учун иссиқ об-ҳаволи даврлар, салқин даврлар билан алмашиши характерлидир. Одатда барқарор иссиқ ҳаво май ойида ҳали ўрнашмайди.
Охирги 10 йилда кундузги ҳароратнинг энг паст қийматлари Тошкентда май ойининг охирги ўн кунлиги учун 20-22о ни ташкил этган (2007, 2008, 2013 йй.). Бироқ бундай паст ҳароратли даврлар 1-2 кундан кўп бўлмайди.
Бу давр учун энг юқори ҳарорат қийматлари 35-37о бўлган (2009, 2010, 2014 йй.). Кузатишларга кўра (140 йил атрофида) ҳароратнинг абсолют макси-муми Тошкентда май ойининг охирги ўн кунлигида 40о иссиқни ташкил этади. Охирги марта бундай ҳарорат 1961 йилда (илгарироқ 1902 йилда) кузатилган.
Ёзнинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистонда иссиқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 17-22о, кундуз кунлари 33-38о, баъзи жойларда 40о гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-43о гача бўлиши кутилмоқда”.





