Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 21 апрель куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича Фармон имзоланди. Бу ҳақда "Kun.uz" нашри хабар бермоқда.
Фармонга кўра, «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилмоқда.
Ҳужжатда бир ҳафта ичида Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини Олий Мажлисга тақдим қилиш вазифаси юклатилган. Қонун лойиҳасида прописка тизимида бир қатор ўзгаришлар кўзда тутилмоқда. Жумладан:
Тошкентдан уй олиш учун прописка сўралмайди, ишдан бўшаган ходимнинг пропискаси «куймайди»
Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилинмайди. Бошқа вилоятда яшовчи шахслардан Тошкент шаҳридан уй олганда ундириладиган оширилган қийматдаги давлат божи бекор қилинмоқда.
Илгари фуқаро давлат органидаги фаолияти даврида пропискага кирган, ишдан бўшатилганда ёки шартномада белгиланган муддати якунига етганда пропискадан чиқариб юборилган бўлса, энди бундай бўлмайди. Унинг пропискаси сақлаб қолинади.
Бундан ташқари, шу пайтгача эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаши талаб этилган ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилган бўлса, қонунчиликка ушбу талабни бекор қилувчи ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.
Шунингдек, муқаддам Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, ўзлари яшаган жойга қайтиб келганда, улар ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши кўзда тутилмоқда.
Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаган мутахассислар мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади.
5 йил узлуксиз ишлаган ходимларга прописка берилади
Фармонда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаган мутахассислар мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши белгиланган.
Яъни фуқаро пойтахтда ёки Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилса, мактаб директорининг; поликлиникада ишласа, поликлиника мудирининг маълумотномаси билан пропискага кириши мумкин. Бунда асосий шарт шуки, фуқаро битта ташкилотда ишлаган даври 5 йилдан кам бўлмаслиги керак.
Тошкент шаҳри ва вилоятида 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан яшаш мумкин бўлади
Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда.
Эндиликда доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.
- Эслатиб ўтамиз, ушбу ўзгаришлар аввалроқ муҳокамага қўйилган прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида ҳам назарда тутилганди.






